Қадр кечаси - минг ойдан яхшироқ

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларининг бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир.

Саҳиҳ ҳадисларда Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунларининг тоқ кечаларидан бирида экани баён қилинган: “Аржаҳ (ҳақиқатга энг яқин) қавлга биноан Қадр кечаси ҳар йили мазкур тоқ кечаларда биридан бирига кўчиб юради”. Уламоларимиз Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб кўчиб юради, деган фикрни айтадилар. Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бер кеча, аниқроғи таровеҳ намозидан қайтганингиздан кейин саҳарликкача бор-йўғи тўрт соатлик кеча. Агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё бу тоат-ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.

Расулиллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар. Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан сал олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди – адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”.

Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.

Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахий бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар”.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар: “Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон кечаларининг маълум бир қисмини таровеҳ намозини ўқиш билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Қадр кечасини тоат-ибодатда ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.

Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар. Уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари У зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда У зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олганлар. Бу яхши одат ҳозирги кунларгача давом этиб келмоқда. Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровеҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча мусулмон ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.

Раҳимберди РУСТАМОВ,

Самарқанд шаҳридаги “Руҳобод” масжиди имом-хатиби ноиби.