Қадрдон дўст, қавму қариндош

30 июль – Халқлар дўстлиги куни
Қўшработ тумани марказига бориб, “Шура опани танийсизми?”, деб сўрасангиз, ҳеч ким “Йўқ, танимайман!”, демайди. Асл исми-шарифи Ахмедова Александра Ивановна бўлган рус аёли оиласи билан туманга 1975 йилда кўчиб келган.
Туманнинг Мустақиллик маҳалласидаги Ғалаба кўчаси бир пайтлар халқ тилида “Ўрис қишлоқ” деб аталарди. Сабаби бундан 30 йиллар илгари шу кичик бир гузарда 10 дан зиёд миллат вакиллари истиқомат қилган. Уларнинг аксарияти рус миллатига мансуб бўлган. Ҳозир бу ерда бошқа миллатга мансуб биргина Шура опанинг оиласи қолган. Аҳамиятлиси, унинг фарзандларини ўзбеклардан фарқлаш жуда қийин. Сабаби, уйида рус тилида гаплашса-да, кўчага чиққач ўзбекча, ҳатто шу туман шевасида сўзлашади. Ўзбек оилалари билан қуда-анда бўлиб, қўни-қўшнилар билан аҳил-иноқ ҳаёт кечиради.
- Шундай юртда яшаётганимдан хурсандман, - дейди Шура опа. – Қўни-қўшнилар, қуда-андалар – қадрдон қариндошларим. Тўй-маъракаларда ёлғизлатиб қўймаган бундай дўстларнинг борлигидан фахрланаман.
Вилоятимизда 30 дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат ярим миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг яшаши, меҳнат қилиши, миллий урф-одатлари бўйича тўй ва маросимлар ўтказиши, фарзандларининг ўқиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Шу йил Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилган Самарқанд шаҳридаги “Дўстлик уйи”да 11 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатиб келмоқда.
- Кейинги йилларда юртимизда, хусусан, вилоятимизда бошқа миллат вакиллари учун катта имкониятлар яратилди, - дейди тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази раҳбари Акбар Маҳмудов. – Биргина Жартепа чегара постининг очилиши, азалдан қавму қариндош, қуда-анда бўлган тожик ва ўзбек халқи ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади. 10 йиллаб бир-бирини кўрмаган яқин қариндошларни дийдорлаштирди. Ўзбекистон ҳудудида тожик тилида таълим бериладиган мактаб, 36 та мактабда синфлар мавжудлиги ҳам қувонарли. Бу мактабларни тугатган битирувчилар эса ўқишини олий таълим муассасаларида давом эттириш учун ҳам имкониятлар яратилган. Самарқанд давлат университетида 11 та факультетда тожик гуруҳлари ташкил этилган.
Шунингдек, вилоятда фаолият олиб бораётган мактабларнинг 91 тасида ўзбек ва рус тилларида, 9 тасида эса рус ва тожик тилларида таълим берилади.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.