Қарға неча йил яшайди? Ёки ўзига хос "иқтидор"га эга қуш ҳақида
Қарғалар ақллилиги билан машҳур. Улар овқат топиш ва уни истеъмол қилишда фаросат билан йўл тутишади. Масалан, қотган нонни аввал кўлмакда ивитиб, юмшагач ейди. Ёнғоқни тош ёки асфальтга баланддан ташлаб синдиради, кўпинча автомобиль йўлига қўйиб эзғиланишини кутади.
Улар табиатан ўйинқароқ. Қиш кунлари яхмалак учишни, қия томлардан сирпанишни, ёз фаслида мушук ва кучукларни эрмаклаб ғашига тегишни хуш кўради. Бирови осмонда парвоз чоғида оғзидагини атай тушириб юборади. Бошқаси эса уни ҳавода эканидаёқ илиб олади. Бу машқ такрорланади.
Олимларнинг кузатуви ва тажрибаларидан ҳосил бўлган хулосалар қарғаларнинг юксак иқтидори борлигини кўрсатган. Масалан, хўрак солинган кам суви бор оғзи тор идишдаги егуликни олиш учун ичига тошча ташлаб сатҳни кўтариш йўли билан эришишга муваффақ бўлган.
Қарғаларнинг хотира салоҳияти беқиёс. Ўзлари ғамлаб яширган ўн мингтагача нарсани қаердалигини билади ва керак бўлганда топа олади. Мабодо кимдир улардан бирини ўлдириб қўйса, шу одамни ва унинг яшаш жойини асло унутмайди ва ўша ҳудудга яқинлашмайди. Ўз ажали билан ўлган қавмларининг жасади устига гуруҳлашиб учадилар, бараварига қағиллашиб маросим ўтказадилар. Бу одатлар авлоддан авлодга кўчиши ҳам амалда тасдиқланган.
Қарғаларнинг ўндан ортиқ хил ва тури мавжуд. Арабларда "Қарғалар асло ўлмайди", деган ақида бор. Уларнинг уч юз йилгача ҳаёт кечириши, эртакларда эса одамларнинг тўққиз авлодича умр кўриши айтилади. Аммо бу қушлар табиий шароитда қирқ йилгача умр кўришаркан. Шуниси ажабланарлики, уларнинг ёши катта бўлгани сайин онги ҳам ривожланиб бораркан.
Қурғоқчилик даври ва қаҳратон қиш кунларида оммавий қирилиш ҳоллари кузатилган.
Қарғалар одамларни дўст тутиб, уларга яқин жойларда яшашни ёқтиради. Қуйида бу ҳақдаги фикрларимни баён этмоқчиман.
Ҳовлимизда айрим йиллари икки юз килограммгача ҳосил соладиган ёнғоқ дарахти бор. Кейинги йиллар йиқилиш хавфидан йироқ бўлиш мақсадида устига чиқиш ва ходалаб қоқишни бас қилганмиз. Пишиб паға бўлгач, унинг шохлари қарғаларнинг севимли жойига айланади. Айниқса, тонгги ғира-ширада уларнинг саъй-ҳаракати сабаб шохлардаги ҳосил гуриллаб тўкилади. Бу хизмати эвазига биттадан ёнғоқ олиб кетишади. Уларга ҳадик бермаганим боисидан мендан асло ҳайиқмайдилар. Қўшниларимнинг ҳайфи келиб ёнғоқ қоқиб берувчиларни чақиришни маслаҳат беришади. Битта дарахтни тозалаб бериш 5 юз минг сўмга чиқибди. Ундан кўра қарғаларнинг хизмати арзон ва беминнат эканлигини айтиб ҳазиллашаман. Шу тарзда ердаги ҳосилни батамом йиғиб оламиз.
Кеч кузда дарахт шохи япроқлардан тозаланиб, луччак ҳолга келади. Бу жойдан ўтиб қайтаётган қарғалар албатта унга қўниб ўтишади. Хазон остида қолган ёки тупроққа кўмилган ёнғоқлар қарғалар томонидан кўринарли ҳолатга келтирилади. Янада қизиғи, кейин бошланади. Ҳар куни бир маҳал дарахт тагини кузатганимда ўттиз-қирқ донагача ёнғоқ йиғаман. Уларнинг барчасининг кўриниши ва шакли бегона. Бу аҳвол ўн-ўн беш кунгача давом этади.
Ақлли қушлар тупроққа ташланган ёнғоқнинг синмаслигини билмаслиги мумкин эмас. Мабодо эҳтиётсизлик қилиб тушириб қўйишган бўлишса, қайтиб олиш ҳам уларга қийинчилик эмас.
Бу доно қарғаларнинг ўз хизмати учун салгина устама олинган ёнғоқлар эвазига қайтараётгани бўлса керак.
Ғайбиддин Фазлиев.