Қариликдан қўрқманг!
Жорж Вашингтон университети тиббиёт коллежи директори кекса одамларнинг мияси одатда айтиб ўтилганидан кўра кўпроқ қайишқоқ (эгилувчан) эканлигини таъкидлади. Ушбу ёшда мия ўнг ва чап ярим шарларининг ўзаро таъсири уйғунлашади, бу инсон ижодий имкониятларини кенгайтиради. Шунинг учун 60 ёшдан ошган одамлар орасида ўзларининг ижодий фаолиятини энди бошлаган кўплаб шахсларни учратишингиз мумкин.
Албатта, мия энди ёшликдаги каби тез ишламайди. Бироқ у мослашувчанлиги билан ютади. Шунинг учун кексаликда биз тўғри қарорлар қабул қилишимиз ва салбий ҳис-туйғуларга дуч келмаслигимиз мумкин. Инсон интеллектуал фаолиятининг энг юқори чўққиси тахминан 70 ёшда мия тўлиқ қувват билан ишлай бошлаганида содир бўлади.
Вақт ўтган сайин мияда миелин миқдори кўпаяди, бу нейронлар ўртасида сигналларнинг тез ўтишини осонлаштирадиган модда. Шу туфайли интеллектуал қобилият ўртача кўрсаткичга нисбатан 300 фоизга ошади.
Ушбу модданинг фаол ишлаб чиқиш чўққиси 60-80 ёшга тўғри келади. 60 ёшдан кейин одам бир вақтнинг ўзида иккита ярим шардан фойдаланиши мумкинлиги ҳам бор гап. Бу бизга анча мураккаб масалаларни ҳал қилишга имкон беради.
Монреал университети профессори Мончи Ури кекса одамларнинг мияси энг кам энергия сарфлайдиган йўлни танлайди, кераксизларини камайтиради ва вазифаларни ҳал қилиш учун фақат тўғри вариантларни қолдиради, деб ҳисоблайди. Бир мисол: турли ёш гуруҳлари иштирок этган тадқиқот ўтказилди. Тест синовларидан ўтаётганда ёшларнинг кўпи чалкашиб кетди, 60 ёшдан ошганлар эса тўғри қарор қабул қилишди.
Энди 60-80 ёшдаги миянинг ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқамиз. Улар чиндан ҳам қувонарли.
Кексайган одам миясининг хусусиятлари
1. Олдинлари таъкидланиб келганидек миянинг нейронлари ўчмайди. Фақат агар инсон иш билан шуғулланмаса, улар орасидаги алоқалар йўқолади.
2. Унутувчанлик маълумотларнинг кўплиги туфайли ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳаёт давомида эътиборингизни кераксиз майда нарсаларга қаратишга ҳожат қолдирманг.
3. 60 ёшдан бошлаб, қарор қабул қилишда, одам бир вақтнинг ўзида ёшлар каби бир ярим шарни эмас, балки иккаласини ҳам ишлатади.
4. Агар инсон соғлом турмуш тарзини олиб борса, жисмоний ва тўлиқ ақлий фаолият юритса, интеллектуал қобилият ёш ўтган сари пасаймайди, аксинча ҳатто 80-90 ёшгача ўсиб боради.
Шунинг учун қариликдан қўрқманг. Интеллектуал ривожланишга интилинг. Янги ҳунарларни, мусиқа асбобларини чалишни, расм чизишни ўрганинг. Рақсга тушинг, ҳаётга қизиқиш билдиринг, келажакка режалар тузинг, иложи борича саёҳат қилинг. Дўконга, каҳвахонага, концертларга боришни унутманг. Ўзингизни ёлғизлик қафасига қулфлаб қўйманг – бу ҳалокатли. Ҳали ҳаммаси олдинда шиори билан яшанг!
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.