Қаришни унутиб қўйган одамлар

Дунёда уларга вақт ўз таъсирини етказа олмайдиган одамлар яшар экан. Улар ёшгина кўриниш учун ҳеч нарса қилишлари ҳам шарт эмас – маълум бир ёшда улар оддийгина “музлаб қолишади”, баъзилари эса қариб-қартайиш ўрнига кундан-кунга ёшара бошлашади. Бугун ана шундай одамлар билан танишамиз.

Сэй Сенагон
Япониялик Сэй Сенагон 75 ёшда эди. Ташқи кўринишидан у тенгдошларидан унчалик фарқ қилмасди, танаси ҳам ёшига мос ишларди. Аммо кунларнинг бирида япон аёли сочлари худди ёшлигидагидек қорайиб, оқарган сочлари йўқолиб бораётгани пайқаб қолди. Юзидаги ажинлар йўқолди, янги тишлар ўсиб чиқиб, кўриниши 30 ёшдаги аёлларники каби бўлиб бўлди. Кўп ўтмай Сэй 40 ёшли эркакка турмушга чиқди ва тез орада фарзандли бўлди.

Сэй Сенагоннинг ҳайратланарли ёшариши тўғрисидаги янгилик 1997 йилда дунёга маълум бўлди. “Буви”нинг мўъжизавий ёшариш сирини очишни истаганлар кўп эди ва жигар операциясидан кейин ўтказган гормон терапияси аёлнинг ёшартириш жараёнини бошлаб юборганлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Баъзи бой одамлар бундай ёшаришни такрорлашга ҳаракат қилганди, бироқ бу натижа бермади.

Сэйнинг ҳозир қандай кўриниши номаълум. Аёл ўзига бўлган ҳаддан ташқари эътибордан чарчади, у яшаш жойини ва эҳтимол исмини ҳам ўзгартирган бўлиши мумкин.

Сосо Ломидзе
Бу йигитнинг ҳаёт қиссаси ҳам ақлга тўғри келмайдиган гапга ўхшайди, бироқ бу ҳақиқат. Сосо Ломидзе жуда эрта қалтис йўлга кирди, 15 ёшида бу йигит Грузиядаги энг моҳир чўнтакфуруш ҳисобланарди. 25 ёшида сочлари барвақт оқара бошлаб, биринчи ажинлар пайдо бўлган эди. Тўсатдан у бирданига ёшариб кетди: сочлари қайтадан қорайиб, ажинлар текисланди, соқоли ўсмирларники каби сабза урарди. У вазнини йўқотди, юзида гўдакона қавариқ пайдо бўлиб, бўйи пасайиб кетди.

Тўсатдан бошланган “болаликка қайтиш” жараёни унинг қолган бутун умри бўйлаб давом этди. Сосо гарчи мактаб ўқувчисига ўхшаса-да, “чол” лақабини олганди. Ўғрининг танасида содир бўлган тескари жараёнларга қарамай “ёшариш”и унинг ақлий қобилиятига таъсир қилгани йўқ. Натижада ёш боланинг танасида айёр эркак яшарди. Ғайриоддий кўриниши унинг ўғрилик ишларида жуда қўл келди: у макулатура йиғаётган мактаб ўқувчиси ниқоби остида бой одамларнинг уйларига кирган, бу “иштиёқли пионер” ҳатто ўша пайтдаги вазир Шеварнадзенинг қўлидан қимматбаҳо швейцар соатини ўғирлашга муваффақ бўлган.
Ломидзе 56 ёшида вафот этди. У дафн этилганда, тобутда катта ёшли эркак эмас, 10 ёшли бола ётарди.

Кэнди Ло
50 ёшга кирган гонконглик модельер Кэнди Ло 25 ёшга кирган аёлга ўхшашлиги билан машҳур. Ажинсиз юзи, беғубор силлиқ териси, мукаммал жуссага эга замонавий аёлнинг 50 ёшга тўлганига ишониш қийин ва у уч фарзанднинг онаси.

Кэнди ўз “ёшлиги”дан тижорат мақсадларда фойдаланишга қарор қилди. У “вақтга бўйсунмаслик” номли фотокитобини нашрдан чиқарди. Гонконгда китоб чақмоқ тезлигида сотилди: ҳамма қаришни эсидан чиқариб қўйган гўзалнинг абадий ёшлик сирини билишни хоҳларди.
Кэнди эса ҳеч қандай сир йўқлиги, ҳамма нарса жуда оддийлиги – тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш ва ижобий фикрлаши туфайли қаришни секинлаштиришга муваффақ бўлганини айтади.
Борди-ю, агар бу одатлар ҳақиқатан ҳам абадий ёшликни кафолатлайдиган бўлса, унда соғлом турмуш тарзи мухлислари кўпроқ бўлган бўлармиди...

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.