Қарийб 82 фоиз ўзбекистонликлар 2022 йилни хурсандчилик, кўтаринки кайфиятда кутиб олмоқда

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакатимиз фуқаролари яқинлашиб келаётган Янги йил байрамини қандай кайфият ва умидлар билан кутиб олишни режалаштираётганликларини аниқлаш мақсадида ижтимоий сўров ўтказди.

Ўзбекистонликларнинг янги йилолди кайфиятини таҳлил қилиш, уларнинг Янги йил байрамини нишонлашга бўлган муносабатини (жумладан, ҳиссий ҳолатни), байрам анъаналарини (жумладан, нишонлаш жойи, байрам дастурхони, совғалар тайёрлаш), 2021 йил сарҳисоби ва 2022 йилдан кутилаётган эзгу умидларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди.

Телефон сўрови шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги Янги йилни нишонлайди.

Байрам олдидан респондентларнинг аксарияти (81,8 фоизи) яхши онларни кутиш билан боғлиқ хурсандчилик, кўтаринки кайфиятга эга, сўров иштирокчиларининг янги йил уларга янги ютуқлар ва оддий инсоний қувончлар олиб келишига, яқин кишилари ва қариндошларининг илиқ табассуми билан тўлиб-тошишига ишончи комил.

Шунингдек, кўпчилик янги 2022 йилни ўз уйида кутиш ва нишонлашни режалаштирмоқда (92,4 фоиз).