Қарорга кирмай қолган бандлар
Бўлиб ўтган бу воқеа ҳақида ёзгим келди. Биламан, ўқиганлар муносабат билдирмаган тақдирда ҳам, қандайлигидан қатъий назар, мазкур ҳолатни ўзларича баҳолайдилар.
Алқисса, 6 апрель куни тушга яқин эрта фойдаланишга топширилиши белгиланган маҳалла биносида олиб борилаётган тайёргарлик ишларини кўриш учун Самарқанд шаҳрининг чекка ҳудудида жойлашган бир маҳаллага ходимим билан бордик. Бино ёнида бир неча қария, лойқа сув оқишидан эндигина ўрнатилгани маълум “қўл крани”дан сув чиқаришаётган экан. Саломлашиб, “Ҳорманг, бор бўлинг” дейилиши билан бизни ҳокимлик вакили деб ўйлаган бир отахон маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла ёшлари етакчисидан нолиб қолди.
Маълум бўлишича, маҳаллада иш бошлаган бу икки ходим навқирон ёшда бўлгани учун қариялар улардан кранни ўрнатишга ёрдаб беришларини илтимос қилишган, лекин улар бу иш ўзларига тааллуқли эмаслиги рўкач қилишиб, ёрдам беришдан бош тортишган экан. Ходимларнинг очиқдан-очиқ бу эътирози кексаларга ёқмагани тушунарли. Чунки давлат уларни маҳаллага юборганми, демак улар маҳалланинг ҳар қандай ишига ёрдам беришади, деб ўйлашади. Менда ҳам шу фикр уйғонди ва бу икки ходим билан гаплашгим келди. Ёшлар етакчиси шаҳарга – юқори ташкилотига кетган экан. Ҳоким ёрдамчисига маҳалла қариялари улардан хафа бўлишгани, бундай вақтда албатта ёрдам кўрсатиш кераклигини, бу халққа қўшилиш учун бир имконият эканини тушунтиргандим, у фикримга қўшилди. Телефон рақамини топиб, ёшлар етакчисига маҳалла биносини фойдаланишга топшириш учун тайёргарлик кетаётгани, у ҳам бу жараёнга иштирок этса, яхши бўлишини айтдим.
Тайёргарлик ишларини кўриш учун соат бешларга яқин яна маҳалла биносига келдик. Маҳалла раиси ташкилий ишларни қилишда бир ўзи қийналаётганини маълум қилди. Ёшлар етакчиси келмаган, ҳоким ёрдамчиси кетиб қолган. Ҳоким ёрдамчисига телефон қилиб, бино фойдаланишга топширилаётган вақтда ишдан эрта кетиб қолгани яхши эмаслигини айтдим. Шу куни Ёшлар агентлигининг шаҳар бўлимида иш бошлаган янги раҳбар билан танишгандим, унга объект ишга туширилаётган вақтда ёшлар етакчиси маҳаллада бўлиши мақсадга мувофиқлигини тушунтирдим.
Кеч соат 9 ларда маҳалла ёшлари етакчиси телефон қилиб, менга ўзига юклатилган вазифадан ташқари иш буюрилаётганидан шикоят қилди. 92-қарорда унга нима қилиши лозимлиги ёзилгани, шу ишларни бажаришга тўсқинлик қилинаётгани ҳақида гапириб, биздан шикоят қилишини маълум қилди. Қарорда унга топширилган вазифаларни санаб ўтаркан, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш деганда, мен унга ёшларни ҳашарларга жалб қилиш орқали ҳам уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мумкинлиги тушунтирмоқчи бўлдим. Эсиз, тушунишни истамаслиги унинг қайсарлигидан маълум бўлди.
У менинг ходимимнинг кимлигини сўраб олди. Кейин мендан фамилиям, исмим ва отамнинг исмини, ким бўлиб ишлашимни битта-битта сўраб оларкан, ўзаро гапимизни диктафонда ёзиб олганини ва тегишли ташкилотга етказишини маълум қилди.
Шунда, бирдан тушкун ҳолатга тушдим, хаёлимда эса, негадир Абдулла Қодирий ва Усмон Носирларни, Шукрулло ва Саид Аҳмадларни қаматиб юборган одамларнинг номаълум қиёфалари гавдаланди.
Менга ҳозиргина қўнғироқ қилган ёшлар етакчисининг юзини ҳам кўрмагандим, у ҳам менга ҳали номаълум эди.
Тасаввур қилмоқчи бўлдим. Худо кўрсатмасин-у, маҳалла биноси ёнида бир хонадонга ўт кетди. Ҳамма уни ўчиришга ёпирилди. Фақат бир киши четда турибди. Унинг вазифасига ўт ўчириш кирмайди. Йўқ, тасаввур қилиб бўлмайди. Бундай бўлиши мумкин эмас – одамийликка тўғри келмайди.
Хуршид Нуруллаев.
7 апрель 2022 йил.