Қашқадарёдан хат: “Ислом Каримов фонди” Биринчи Президентим ҳақидаги китобимни нашр этилишида кўмаклашди
Ассалому алайкум, Zarnews.uz сайти ходимлари. Мен ушбу электрон хатимни сизларга миннатдорлик сифатида йўллаяпман.
Негаки, 2017 йилда Самарқандга бориб, Биринчи Президентимиз қабрини зиёрат қилганим ва бу билан боғлиқ кечинмаларимни ёзганимда “Зарафшон” газетасида босилишида кўмак бергандингизлар. 2018 йилда Ислом Каримов хотирасига шеър ёзиб, таҳририятга борганимда бош муҳаррир Ислом Каримов музейига машқларим ва китобларимни юборишга тавсия берганди.
Шундан кейин шеърларимни “Ислом Каримов фонди”га юбордим. Орадан уч ой ўтиб, уй манзилимга мажмуа директори Темур Ширинов имзоси билан хат келди. Унда шеърларим “Қалбимизда барҳаёт сиймо” номи билан китоб ҳолида чоп этилгани, ушбу китобим мажмуа кутубхона фондига киритилгани ёзилганди.
Гарчи умуртқам операция қилинганидан кейин биринчи гуруҳ ногирони бўлиб, аравачада юраётган бўлсам-да, бу хат менга қанот берди. Яна бир жиҳатдан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотираси олдида бир оддий фарзанд сифатида бурчимни адо этганимдан руҳим таскин топди.
Zarnews.uz сайтини доим кузатиб бораман. Сизларнинг маслаҳат ва далдангиз менга ижодда қувват бўлганидан мамнунман. Дарвоқе, “Зарафшон”да шеърим босилгач, бундан руҳланиб, «Яша дейди юрагим» деган иккинчи китобимни ҳам ёздим.
Марҳабо Каримова,
Қашқадарё вилояти, Китоб тумани.