Қатар компанияси Самарқанд ва Қорақалпоғистонда электр станциялар барпо этишга қизиқиш билдирмоқда

Мазкур масала Ўзбекистон энергетика вазирининг ўринбосари Умид Мамадаминов ва «Al Mirqab Capital» компанияси раҳбарияти ўртасида онлайн мулоқотда тилга олинган.

Музокаралар давомида Қатар томонига Ўзбекистонда электр

энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалардан кенг фойдаланиш ва мазкур соҳада лойиҳаларни амалга ошириш учун яратиб берилган кенг имкониятлар тўғрисида маълумот тақдим этилган.

Учрашув доирасида Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида Қатар компаниясининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда электр станцияларни барпо этиш масалалари батафсил муҳокама қилинган.

Мулоқот якунида «Al Mirqab Capital» компаниясига таклиф этилган лойиҳаларни амалга ошириш ишларини бошлаш ҳамда тегишли келишувларни имзолаш мақсадида Қатар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга келишиб олинган.

1993 йилда ташкил этилган «Al Mirqab Capital» компанияси АҚШ, Европа ва Яқин Шарқдаги 20 та йирик меҳмонхона мажмуаларига эгалик қилади. Хитойнинг «Power China» компанияси билан ҳамкорликда Покистонда қуввати 1,3 ГВтга тенг бўлган иссиқлик электр станциясини қурган, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.