"Қилни қирқ ёрган" ҳуқуқшунос Самарқандга келди
Бундан йигирма йиллар аввал Ўзбекистон телерадиокомпаниясида "Қилни қирқ ёриб" номли интеллектуал ўйин ўтказилар, унда эксперт сифатида иштирок этадиган ҳуқуқшунос ўзининг одил, оқил, билимли экани билан телетомошабинларнинг меҳрини қозонган эди.
Бугун вилоят прокуратурасида прокуратура органлари ходимлари учун илмий-тадқиқот методологияси ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти бўйича ташкил этилган семинар машғулотига шу ҳуқуқшунос келди. У - Музаффар Мамасиддиқов бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлари доктори, профессор. Ҳамроҳи эса Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти директори, профессор Мурод Турғунов.
Тадбирда “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг ташкил этилиш тарихи, бугунги имкониятлари, илмий салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, бугун прокуратура органлари ходимлари ишдан ажралмаган ҳолда ўқишни давом эттириши, илмий изланишлар олиб бориб, илмий даражаларини эгаллаши учун барча шароитлар яратилган.
— Вилоят прокуратурасида ҳам шу кунларда илмий изланиш олиб бораётган прокурорлар талайгина, - дейди вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Ихтиёр Равшанов. – Ўзим ҳам тергов фаолияти йўналишида тадқиқотлар олиб боряпман. Мақсадим профессорлик унвонини олиш. Ўқиб-изланишимиз учун раҳбарият ва академия томонидан зарур қулайликлар яратилган.
Музаффар Мамасиддиқов ва Мурод Турғунов Самарқанд давлат университетининг юридик факультетида бўлиб, ҳуқуқшунослик касбини ўрганаётган ёшлар билан ҳам учрашди.
Унда талабаларга юрист касбининг масъулияти, соҳада илмий изланишлар олиб боришнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий аҳамияти ҳақида тушунча берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Тадбирда Самарқанд давлат университети кутубхонаси учун Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан чоп этилган китоб ва қўлланмалар совға қилинди.