Қимматбаҳо тошлар ҳамда қадимий танга савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди
Қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла тангаларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда олиб кириш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган 5 нафар фуқаро Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида муқаддам Афғонистондан олиб келинган 2 килограмм 531 грамм оғирликдаги “зумрад” қимматбаҳо тошларини 500 минг долларга, шунингдек, 8 грамм оғирликдаги милодий III асрга мансуб, Кушон давлатида зарб қилинган 1 дона қадимий тилла тангани 10 минг долларга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, ушбу шахслардан бирининг ҳамёнида 3 дона “олмос” тошлари борлиги ҳам аниқланди.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳолатда олиб қўйилган қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла танганинг умумий қиймати жами 16 миллиард 818 миллион сўмни ташкил қилди.