Қирғизистондаги туғруқхоналарнинг бирида коронавирус хуружи аниқланди

Қирғизистоннинг Оналик ва болаларни ҳимоя қилиш марказининг клиник туғруқхонаси фаолияти коронавирус хуружи туфайли вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда кеча, 12 май куни РИА Новости нашри хабар берди.

“Клиник туғруқхона 10 майдан 25 майга қадар ҳомиладор аёлларни қабул қилишни вақтинча тўхтатди”, дея таъкидлади мамлакатнинг коронавирусга қарши курашиш республика штаби вакили.

Ўтган ҳафта сўнггида марказ ходимлари ва беморлар орасида 8 нафар коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати аниқланди. Штаб вакилининг сўзларига кўра, айни вақтда карантинга олинган туғруқхона ичидаги беморларга қарашни давом эттираётган ходимлар рўйхати тузиб чиқилган.  Барча бемор ва тиббиёт ходимлари тест таҳлилидан ўтказилган.

Тақдим этилган маълумотга кўра, айни вақтда туғруқхона ичида 64 нафар аёл ва 47 нафар чақалоқ, жами 111 нафар бемор назоратга олинган.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурболот Усенбаевнинг таъкидлашича, 12 май ҳолатига мамлакат бўйлаб жами 112 нафар ёш болаларда ва 14 нафар ҳомиладор аёлда коронавирус инфекцияси аниқланган.

Бугунги кунгача 14 нафар ҳомиладор аёлда ва 112 нфар ёш болада  COVID-19 инфекцияси аниқланди, дея таъкидлади вазир ўринбосари матбуот анжуманида.