Қишда табиий газ ва ичимлик сув тармоқларида носозлик кузатилмайдими?

2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини назорат қилиш Республика ишчи гуруҳи вилоят аҳолисининг ичимлик суви ҳамда табиий газ билан таъминланиш даражасини ўрганиб чиқди.

Бугунги кунда вилоятда 53,6 километр ичимлик сув тармоқларининг 27,4 километрини мукаммал, 26,2 километрини жорий таъмирдан чиқариш кўзда тутилган. Шунингдек, 185 дона насос ускуналари таъмирланиши лозим. Бироқ ҳозиргача 42,4 километр ичимлик сув тармоқлари ва 76 дона сув насоси ускуналари таъмирланган, холос.

Вилоятда 768 минг 754 хонадон газлаштирилган бўлиб, улардан 289 минг 415 таси табиий газ билан таъминланган. 479 минг 339 хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Табиий газ билан таъминланган хонадонларнинг 64 минг 882 таси кўп қаватли уйларда жойлашган.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали томонидан 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тўғрисидаги чора-тадбирларига кўра, жорий йилда режадаги 1,2 километр газ қувурлари жорий, газ тарқатиш қувурларининг 65 фоизи, яъни 39 таси мукаммал таъмирдан чиқарилган. Газ тақсимлаш қутиларининг 92 фоизи тафтиш қилиниб, 756,3 километр газ қувурлари босим остида синовдан ўтказилди.

Самарқанд шаҳри аҳолисининг қишнинг совуқ кунларида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида Ал-Бухорий, Амир Темур кўчалари, Университет хиёбони орқали ўтувчи юқори ва ўрта босимли газ қувурлари ҳамда Қайнама, Чордара, Мададкор маҳаллаларида, шунингдек, Гагарин кўчаларида паст босимли газ тармоқлари синовдан ўтказилмоқда, яроқсиз қувурлар эса янгиланмоқда.

Гуруҳ аъзолари Пайариқ туманидаги Янгиобод маҳалласида бўлиб, мавсумга тайёргарлик юмушлари билан яқиндан танишди. Маҳаллада 842 хонадон бўлиб, улардан 265 таси табиий газ билан таъминланган. 577 хонадонга суюлтирилган баллонли газ етказиб берилади. Узунлиги 1,2 километр газ тармоқлари ва 11 дона газ тақсимлаш қурилмалари тафтиш қилинди. Ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган ва кам таъминланган оилаларга 98 дона газ баллон тарқатилди. 

Гуруҳ таркибидаги “Ўзнефтгазинспекция” мутахассисларининг ўрганишлари натижасида тумандаги Хўжаобод маҳалласи хонадонларида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 0,4 километр газ қувури мукаммал таъмирланган, аммо газ қувури уланмаганлиги сабабли ишлар якунига етказилмаган.

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати.