"Қодиров иши" юзасидан судланган собиқ амалдорлар 13 йилдан 19 йилгача озодликдан маҳрум этилди
Бугун, 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, Юнусобод туман суди биносида, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Суд ҳукми билан, 2000-2015 йилларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган Мирағлам Мирзаев, Жамшид Файзиев, Улуғбек Суннатов, Рамазон Пўлатов, Азиз Мусашайхов, Улуғбек Хуррамов, Ю. Гаипов, Абдурашид Мирзаев, Муҳаббат Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А.Икрамов ва Х.Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг «а» банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг «а» банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс)нинг 19-моддаси, шунингдек «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, икки юзга яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.
Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун собиқ бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатов 19 йилга, МХХнинг (ҳозирги ДХХ) Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев 15 йилга, Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Жамшид Файзиев 13 йилга, Тошкент шаҳар прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи Азиз Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Қолган судланувчиларга ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мирағлам Мирзаев, Абдурашид Мирзаев, Жамшид Файзиев, Улуғбек Суннатов, Рамазон Пўлатов, Улуғбек Хуррамов, Ю. Гаиповни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.
Судланганлар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди.
Шунингдек, суд томонидан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.
Суд ҳукми эълон қилингач, раислик этувчи суд процесси иштирокчиларига ҳукмнинг мазмун-моҳиятини батафсил изоҳлаб бериб, шикоят қилиш муддатлари ва тартибини тушунтирди.