Қонун бузилишига сабаб нима?
Давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатнинг асосий бўғини ҳисобланади. Кейинги йилларда юртимизда ҳам мазкур тизимни янада такомиллаштириш, хусусан, хизмат кўрсатиш вақтини қисқартириш ва сифатини ошириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Аммо у қанча ислоҳ қилинмасин, жараёнда қонун бузилиши бор экан, бундан биринчи навбатда фуқаро жабр кўради.
Маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, текшириш ва мониторинглар ўтказиш давомида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 32509 та қонун бузилиши аниқланган. Шундан, 28020 ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддати бузилган, 3331 ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган, 84 ҳолатда мурожаатчидан ортиқча ҳужжат талаб қилинган бўлса, 63 ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган.
Буни ташкилотлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан шу даврда 15039 та сўровномани кўриб чиқиш тартиби бузилган. Ундан кейинги ўринларда турган Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий филиалларида 4531 та, “Ҳудудий электр тармоқлари” аксиядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиалида 3772 та, соғлиқни сақлаш муассасаларида 2208 та, қурилиш ва архитектура идораларида 1719 та, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалида 1056 та қонунбузилиши аниқланган. Хусусан, ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳам 644 ҳолатда давлат хизматини кўрсатиш тартибини бузган.
Мисол учун, фуқаро Т.Н.нинг 2024-йил 12-июндаги Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборган “Маиший истеъмолчиларни 20 кWт гача бўлган электр тармоқларига улаш” тўғрисидаги сўровномаси ижро учун Пахтачи туман электр тармоқлари корхонасига юборилган. Маъмурий регламентда қуввати 20 кWт гача бўлган истеъмолчиларни электр тармоқларига улашда техник шартларни ишлаб чиқиш талаб этилмаслиги ва улаш схема асосида амалга оширилиши белгиланган. Бироқ масъуллар мазкур сўровномани кўриб чиқишда регламент талабларига риоя этмаган ҳамда қуввати 10 кWт гача бўлган электр тармоқларига улаш учун “техник шарт” ишлаб чиқиб, тизимга юклаган.
Худди шундай, хусусий корхона раҳбари И.О.нинг 2024-йил 7-августдаги “Газ таъминоти лойиҳасини ҳудудий газ таъминоти корхонаси билан келишиш” тўғрисидаги сўровномаси “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали томонидан 7 кунга кечиктириб кўриб чиқилган ва “аниқланмади” деган важ билан асоссиз рад этилган. Бу каби қонунбузарлик газ таъминоти корхонаси томонидан кўп бора такрорланган. Бу эса аҳолининг тизимга, умуман, давлат хизматлари соҳасига ишончини йўқотмоқда.
- Янги уй-жой қуриб, газ тармоғига уланиш учун икки марта ариза ёздим, - дейди шахсини ошкор қилмаслигимизни сўраган фуқаролардан бири. – Ҳар гал рад жавобини олдим. Давлат хизматлари марказига келсам, бизда муаммо йўқ дейишади. Яна шу, эски тартиб, тумандаги газ таъминоти корхонасига боришга мажбур бўлдим. Бу халқни овора қилиш эмасми?
Биз давлат хизмати кўрсатиш жараёнидаги қонун бузилишларининг сабабини билиш мақсадида юқорида номи тилга олинган айрим идоралар масъуллари билан боғландик. Баъзилари мазкур рақамлар қаердан келганини билмаймиз дейишса, бошқалари аслида қонунларни бузмаганлиги, сўровномаларга асосли “рад” жавобини беришганини таъкидлашди.
— Адлия бошқармасида ўтказилган йиғилишда мавзу доирасида атрофлича гаплашиб, фикр ва таклифларимизни берганмиз, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” аксиядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали етакчи муҳандиси Шохруҳ Номозов. – Жумладан, электр таъминоти корхонаси томонидан кўрсатиладиган хизматлар регламенти қисқа белгиланган. Бугунги штатлар бирлиги билан келиб тушаётган сўровномаларнинг барчасини ўз вақтида кўриб чиқиш имконсиз. Бундан ташқари, режа бўйича ва давлат дастурлари бўйича топшириқлар, тармоқларда авария ҳолатлари бўлади. Ходимларимиз шусиз ҳам юклама билан ишлаб, яна сўровномаларни вақтида кўриб чиқмаганлиги учун интизомий жазога тортилмоқда. Буни қайта ўрганиш керак.
Дарҳақиқат, вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида юқоридаги ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 41 та тақдимнома ва 649 та огоҳнома киритилган. Шунингдек, 288 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, 17 нафарининг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланган. Шундан 2 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Демак, қайсидир маънода асоссиз “рад” этилган сўровномалар уни ўз вақтида кўриб чиқа олмаслигини билган масъулларнинг жавобгарликдан қочишга уриниши дейиш мумкин. Ёки ўртада яна қандайдир манфаат бор. Бу ҳаракатга сабаб керак-ку. Хуллас, бир муаммо иккинчисини, у эса учинчисини келтириб чиқармоқда. Орада мурожаатчи овора.
Масъуллар масаланинг охирига етиши керак.
Асқар БАРОТОВ.