Қўқон шаҳридаги бозорларда соқол ва ҳижоб учун кураш бошлангани ҳақидаги хабар рад этилди
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги бозорларда соқол ва ҳижоб учун кураш бошланганлиги ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, бундай ахборотлар асоссиз ва уйдирмалардан иборат бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди, деб ёзмоқда ЎзА.
ЎзАнинг аниқлашича, “Қўқон савдо комплекси” (халқ тилида Саланг бозори)да ҳижоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг дўконлари муҳрланаётгани йўқ. Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мутасадди ташкилот ходимлари шаҳардаги бозорларда ўрганиш ишларини олиб боришди. Ҳар бир дўконда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан бирма бир суҳбат ўтказилди.
"Шу нарса маълум бўлдики, тадбиркорларнинг фаолиятига ҳеч бир давлат ташкилоти ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари аралашмаган. Сотувчиларнинг ҳижоб ва соқол билан савдога чиқмаслиги ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш ёки бирорта гап-сўз бўлмаган. Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ҳам бирорта дўкон муҳрланмаган, ҳижобли аёлнинг бош манекени, соқолли маникенлардан фойдаланиш тақиқланганлик ҳолати ўз тасдиғини топмади.
Манекенлар тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини реклама қилиб сотиши учун мўлжалланган шахсий мулкидир. Тадбиркорлар ўз мулкидан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай мақсадда фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бозордаги савдогарлар ўз маҳсулотларини эмин-эркин сотиб келишмоқда. Ўрганишлар жараёнида дўконлардаги савдогарлар ҳар кунги фаолиятларини давом эттиришмоқда", дейилган баёнотда.