Қўқон хонлигида қанча солиқ ундирилган?

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Хўқанд, Тошкент, Қурама, Хўжанд, Наманган, Ўратепа, Ўш, Андижон, Шаҳрихон, Қува, Марғилон шаҳарлари Қўқон хонлигига Хирож (ер солиғи), Танабона (Боғ ва полизлардан олинадиган таноб пули) ва закот (мулкнинг қирқдан бир қисми миқдорида) солиқлар тўлашган. Хирож (ер солиғи) ғалла билан чорак ўлчовида (1 чорак – 72 килограмм) ҳисобланган бўлса, Танабона ва закот тилла ҳисобида юритилган.

Хонлик хазинасига ҳар йили энг катта солиқни Хўқанд (1 миллион 10 минг танга), Наманган (859 минг танга) ва Тошкент (663 минг танга) тўлашган. Андижон уезди бир йилда ғазнага фақат 25 минг тилла танга закот, Ўш уезди эса фақат 12 минг тилла танга хирож тўлаган бўлса, Қува шаҳри барча солиқлардан озод этилган.

Хонлик хазинасига асосий солиқлардан тушган бир йиллик даромад 8 миллион 620 минг тилла танга бўлган. Солиштириш учун 1 Қўқон тилла тангаси Россиянинг 3 сўм 80 тийинига тенг бўлган.