“Қора бозор”даги санъат асарларининг 30 фоизи қалбаки бўлиб чиқади

Турли баҳолашларга кўра, халқаро санъат асарлари бозоридаги нодир ашёларнинг қарийб 30 фоизи қалбаки экан. Нодир буюмларни сохталаштиришга ихтисослашган фирибгарлар нафақат хусусий харидорларни, балки энг зўр санъатшунос экспертларга эга машҳур жаҳон музейларини ҳам доғда қолдиришлари мумкин.

Лондон Хитроу аэропорти чегарачилари Бахрайндан келаётган иккита катта жамадонни очиб ҳайратда қолишди. Улар қадимги нодир буюмларга лиқ тўла эди. Жамадонларда авайлаб ўралган қадимги ёзувли тахтача, тақинчоқ, ниқоблар ва бошқа буюмлар бор эди. Бу дурдоналар Оссирия қироли Ададнирари ҳукмронлиги даврига мансуб бўлиб ғоят бебаҳо ҳисобланарди. Контрабанда Британия музейининг Яқин Шарқ бўлимига экспертиза учун жўнатилди. Аниқланишича, мусодара қилинган буюмлар усталик билан қалбакилаштирилган нусхалар экан. Табличкалар қуёшда эмас, замонавий ўчоқда куйдирилган, худди аслдек ёзувлар эса маъносиз белгилар ва рамзлар бўлиб чиқди. Буюмлар қора бозорда ҳақиқий баҳосида сотишга мўлжалланганди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ тайёрлади.