Қорасувда қурилаётган футбол мактаби йил охиригача фойдаланишга топширилади
Бу ҳақда вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев маълумот берди.
Матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда, шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режалар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига батафсил маълумот берилди.
Бугунги кунда вилоятда 30 та спорт таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу муассасаларда спортнинг 50 тури бўйича 30 мингдан ортиқ ёшлар мунтазам шуғулланяпти. Уларнинг 636 нафари мамлакатимиз миллий терма жамоасининг асосий, 334 нафари захира таркибига киритилган.
Жорий йил 9-18 август кунлари Туркиянинг Кўния шаҳрида Ислом бирдамлик ўйинлари, 9-25 сентябрь кунлари Хитойда Осиё ўйинлари мусобақалари ўтказилади. Ҳозирда тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Бу мусобақалар орқали 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган олимпиадага спортчилар саралаб олинади.
Келгусида вилоятимизда спортнинг кураш, футбол ва велоспорт турларини ривожлантириш бўича ҳам истиқболли режалар белгилаб олинди. Хусусан, 2023 йил якунигача кураш спорт мактаби, вилоят футбол маҳорат мактаби, Самарқанд туманида ёпиқ турдаги велотрек спорт иншооти ҳамда чавандозлар мактаби каби 4 та спорт комплекси қурилиши режалаштирилган. Қорасувда қурилаётган футбол маҳорат мактабининг 150 ўринли ўқув биноси ва ётоқхонаси йил якунига қадар қурилиб, фойдаланишга топширилади.