“Қоратепа-Самарқанд” йўналишида автобус қатнови қайта тикланади

17 июль куни телеграм каналимизда “Қоратепа-Самарқанд” йўналишида автобус нега қатнамай қўйди?” сарлавҳали мурожаат эълон қилинган эди.

Вилоят транспорт бошқармасининг муносабатига кўра, ҳақиқатан ҳам 2023 йилнинг июнь ойига қадар 445-рақамли “Сиёб АББ-Омонқўтон қишлоғи” шаҳар атрофи автобус йўналишида 1 та транспорт воситаси Ургут тумани, Қоратепа ва Омонқўтон маҳаллаларини Самарқанд шаҳри билан боғлаган.

Мазкур йўналишда “Автотранс Ургут” МЧЖга тегишли автобуслар аҳолига хизмат кўрсатиб келган.

Вилоят транспорт бошқармаси йўловчиларнинг мурожаатини ижобий ҳал қилиш ҳамда 445-рақамли “Сиёб АББ-Омонқўтон қишлоғи” шаҳар атрофи автобус йўналишида транспорт воситаларининг қатновини қайта тиклаш мақсадида қатновнинг тўхташ сабабларини ўрганди.

Аниқланишича, тегишли лицензияга эга бўлмасдан йўловчиларга транспорт хизматини кўрсатиш ҳолатлари кўпайганлиги сабабли автобусдан фойдаланувчилар сони кескин камайиб кетган.

“Автотранс Ургут” МЧЖ раҳбариятининг берган маълумотларига кўра, август ойидан бошлаб 445-рақамли “Сиёб АББ-Омонқўтон қишлоғи” шаҳар атрофи автобус йўналишида транспорт воситаларининг қатнови қайта тикланади. Вилоят транспорт бошқармаси томонидан мазкур йўналишда автобус қатновини тиклаш учун зарур ишлар амалга оширилмоқда.