Қўшничилик - минг йилчилик: Самарқанднинг бир қатор маҳаллаларида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашга бағишланган маданий тадбирлар ўтказилмоқда

Ургут, Булунғур, Нуробод ва Самарқанд туманларидаги 21 маҳаллада шу мақсадга қаратиб ўтказилаётган тадбирлар одамларга кўтаринки кайфият улашмоқда.
Самарқанд туманининг Гулобод ва Деҳнав маҳаллаларида "Қўшничилик - минг йилчилик" шиори остида ташкил этилган тадбирларда вилоят ҳокимлиги ташкил назорат гуруҳи раҳбари Бекзод Раҳматуллаев, туман ҳокими Сирожиддин Усмонов ва бошқа бир қатор идора-ташкилот, маданий ва ижодий марказлар раҳбарлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини янада яхшилаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси ҳақида тўхталди. Бугунги осойишталик ва фаровонлигимиз кўп жиҳатдан халқимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ҳосиласи эканлиги, уни асраб-авайлаш барчанинг бурчи эканлиги таъкидланди.
Тадбирларда амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари ташкил этилди. “Варраклар сайли”, миллий ўйин ва спорт чиқишлари ўтказилди.
“Адабий кўприк” композицияси асосида қўшни халқларнинг адабий меросини акс эттирувчи китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, ёшлар ўртасида миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган рассомлик ҳамда китобхонлик танловлари ўтказилди.
- Ўтган йили туман бўйича энг намунали оила бекаси деб, топилгандим, - дейди Шоира Аҳадова. - Ҳозир маҳалла нуронийси сифатида ёшларга билимим, ҳаётий тажрибамни улашмоқдаман. Бундан ташқари, 5 та кам таъминланган оила билан ишлайман. Ҳукуматимиз томонидан муносиб ҳаёт кечириш учун барча шароитлар яратилган. Биз шундан тўғри фойдаланишимиз, бугунги фаровонликнинг қадрига етишимиз керак.
- Тожик ва ўзбек халқининг тарихи, маданияти, ҳаёт тарзи бир, - дейди Ўзбекистон ва Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дурдонаи Шарқ" журнали муҳаррири Асадулло Шукуров. - Буни маданият ва маърифат соҳасида ҳам кўриш мумкин. Қадимда ва ҳозир ҳам аксарият шоиру ёзувчиларимиз икки тилда бир хил ижод қилишади. Икки миллат ўртасидаги маданий алоқалар кун сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Жараёнда шу каби тадбир ва сайилларнинг ҳам аҳамияти катта.
Тадбирда театрлаштирилган саҳна кўринишлари, турли миллат вакилларининг фольклор-этнографик ансамбллари бадиий чиқишлари, миллий мақом, рақс ва халқ оғзаки ижодиёти намуналари ижроси ташкил этилди.
“Меҳр-оқибат дастурхони” шиори остида турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмаси ўтказилди.
***
Рамазон ҳайити муносабати билан миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида ўтказилаётган маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар Ургут туманида ҳам ўтказилмоқда.
Жумладан, тумандаги қўшни Тожикистон билан чегарадош маҳаллалардан бири бўлган Тинчлик маҳалласида байрам шодиёналари ташкил этилди.
Тадбирда маҳаллий аҳоли билан бирга Тожикистон, Туркия, Япония ва Кореядан келган меҳмонлар иштирок этмоқда.
Концерт дастурлари, театр томошалари, миллий спорт мусобақалари ва кўргазмалар барчага манзур бўлмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси масъул ходими Суяржон Қурбонқулов, уюшманинг вилоят бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси биринчи проректори Ҳабибулло Саъдибақоев ва туман ҳокимлиги масъуллари иштирок этмоқда.
Тадбирлар туманнинг Ваткан-Қўзибек, Раҳматобод, Чеп, Мирзабоғлон маҳаллаларида ҳам давом этмоқда.