Қўшработ туман ХТБ 121 миллион сўмдан кўпроқ тўлашига тўғри келади

Чунки туман мактабларидаги айрим тоифа хизматчиларга белгиланган тарифлар бўйича иш ҳақи тўланмаган экан. Бу масала Қўшработ тумани адлия бўлими томонидан туман халқ таълими бўлимида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ўрганилганда аниқланган.

Яъни, туман халқ таълими бўлими томонидан 2019, 2020 ва 2021 йиллар давомида мактаблардаги кадрлар инспектори ва хўжалик ишлар мудирларига уларнинг ягона тариф разрядлари оширилмаган ҳолда иш ҳақлари тўланган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ, хўжалик ишлар мудирига 7 разряд, олий маълумотли бўлмаган кадрлар инспекторига 6 разряд ва олий бўлганларига 7 разряд билан тўловлар амалга оширилиши белгиланган.

Шу боис, адлия бўлими томонидан тўланмай қолган иш ҳақларини ундириш бўйича Иштихон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд аризани қаноатлантириб, туман халқ таълими бўлими зиммасига 35 нафар ходимга 121 миллион 564 минг 897 сўм иш ҳақларини тўлаб бериш мажбуриятини юклади.

Нуржаҳон Муродуллаев,
Қўшработ туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.