Қўшработда бепул ғоз тарқатиляпти. Нега?
Қўшработ туманида аҳолисининг яшаш шароити оғир аҳволдаги маҳаллалардан 3 таси танлаб олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиляпти.
Жумладан, тумандаги Чорлоқ маҳалласидаги ишсизларга қўй-қўзилар, Озод маҳалласидаги шароити оғир фуқароларга инкубаторлар имтиёзли кредит асосида тарқатилди.
Дўстлик маҳалласидаги ишсизларга эса тадбиркор Жасур Қодиров томонидан 2 мингга яқин парранда, яъни ғоз, курка ва ўрдаклар бепул тарқатилди.
Яна бир аҳамиятли томони, ғозларнинг озуқасини ҳам тадбиркорнинг ўзи бепул етказиб беради.
Шу маҳалладаги Қўшоғоч қишлоғида яшовчи Акмал Холбоевни анча йиллардан бери ишсизлик муаммоси қийнаб келарди. Бугун у ҳам бепул ғозлардан 25 тасини олиб парваришлай бошлади.
Шунингдек, у имтиёзли кредит асосида инкубатор ҳам олган. Ғозларнинг тухумларидан жўжа очириш ниятида.
Бу хайрли ишнинг самараси бир йилдан кейин сезилиши мумкин.
Ҳа, буни вақт кўрсатади. Насиб этса натижа ҳақида ҳам хабар берамиз.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.