Қозоғистонда ўзбекистонлик фуқаро ЙТҲга учраб вафот этди
Мамлакатимизнинг Aқтау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2020 йил 22 январь куни Aқтобе вилояти Ирғиз тумани ҳудудида “Самара-Чимкент” автомобиль трассасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил-автомобиль йўловчиси, Ўзбекистон фуқароси Н.С. вафот этди.
Бош консулхона вазиятни назоратга олди ва Қозоғистоннинг тегишли идоралари билан тезкор алоқа ўрнатди.
Шунингдек, консулхонанинг хабар беришича, об-ҳаво шароитининг ёмонлашгани туфайли Қозоғистоннинг 9 та вилоятида 48 та участка барча турдаги автотранспорт воситалари учун вақтинча ёпилди. 23-25-январь кунлари кучли қор ёғиши ва бўрон давом этади.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида мазкур мамлакатга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хав-хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратади.
Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (Нур-Султон шаҳри, Aқмўла, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қостанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10 (Telegram, Whatsapp, Imo); Aқтау шаҳридаги Бош консулхонага (Aқтўбе, Aтирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51); Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари, тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.