Қозоғистонда полиция ходимлари йўқ қилиниши керак бўлган қуролларни сотган

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ички ишлар вазирлигининг ички хавфсизлик бошқармаси билан биргаликда фойдаланишдан чиқарилган ва йўқ қилиниши керак бўлган қуролларни қайта сотиш каналига барҳам берди, деб хабар берди қўмита матбуот хизмати.

Қўмитанинг бугун эълон қилинган пресс-релизига кўра, жиноий гуруҳ таркибида ҳуқуқ-тартибот идораларининг амалдаги ва собиқ ходимлари, шунингдек, қурол ва ўқ-дориларнинг иккиламчи муомаласи билан шуғулланган уларнинг шериклари бўлган.

"Жиноят схемаси яроқсиз бўлган ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва портловчи қурилмаларни кейинчалик сотиш билан сохта йўқ қилишдан иборат бўлган", дейилади пресс-релизда.

Қўлга олиш ва тинтувлар чоғида 347 қурол, 13 граната ва 7387 ўқ-дори мусодара қилинди. Бундан ташқари, собиқ полициячи томонидан ташкил этилган қуроллар модификацияси бўйича ер ости устахонаси тугатилган.

Олма-Отанинг Олмали туман суди қарори билан жиноятчилар турли муддатларга — икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилинган.

Ўз хизмат вазифаларига лоқайдлик билан муносабатда бўлгани, шахсий таркиб устидан назоратни сусайтиргани учун бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари хизматдан озод этилган.