Қозоғистонда полиция йўлни тўсиб қўйган бир гуруҳ шахсларни қўлга олди
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Жанаўзен шаҳрида (Манғистау вилояти) йўлни тўсиб қўйган бир гуруҳ шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда бугун ҳудудий ИИБ матбуот хизмати хабар тарқатган.
"12 апрель куни эрталаб Жанаўзен шаҳрида бир гуруҳ фуқаролар йўлни тўсиб, йўл ҳаракатига тўсқинлик қилган. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида улар полиция томонидан шаҳар ички ишлар бўлимига профилактик суҳбат ўтказиш учун олиб кетилган”, дейилади хабарда. Қонунга кўра, транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсиқ яратиш жарима шаклида маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
“Жанаўзенда аввалроқ йўлни тўсиб қўйгани учун қўлга олинган 24 киши бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги профилактик суҳбатдан сўнг уйларига қўйиб юборилди”, — деб хабар қилди кейинроқ полиция матбуот хизмати.
Сешанба куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Остонада рухсат этилмаган митинг уюштиргани учун деярли бир сутка Энергетика вазирлиги биноси олдида турган жанаўзенлик нефть конлари хизмати компаниясининг бир гуруҳ собиқ ходимларини қўлга олганлиги айтилмоқда.
Гап шундаки, 10 апрель куни кечқурун Остонадаги Қозоғистон Энергетика вазирлиги биносига нефть конларига хизмат кўрсатувчи "БерАли Мангистау" компаниясидан ишдан бўшатилган жанаўзенлик бир неча ўнлаб ишчилар келиб, "КазМунайГаз" (КМГ) шуъба корхонаси - "ОзенМенайГаз"га ишга жойлашишни талаб қилишди ва улар муаммони ҳал қилгунга қадар бинода қолишга ваъда беришди. Ўша куни саккиз ўнга яқин пикет қатнашганлиги хабар қилинган. Сешанба оқшомини улар Энергетика вазирлигида ўтказишди, 11 апрель куни эса улар қўлга олиниб, полицияга олиб кетилган.
11 апрель оқшомида Қозоғистон ОАВлари хабар беришича, Жанаўзеннинг марказий майдонига 2 мингга яқин одам йиғилиб, Остонада ҳибсга олинган нефтчиларни озод қилишни талаб қилган.
12 апрель куни эрталаб Қозоғистон Бош прокуратураси 120 дан ортиқ одам қўлга олингани ва уларнинг барчаси огоҳлантиришдан сўнг қўйиб юборилгани ҳақида хабар берган. “КазМунайГаз” уларнинг қўйиб юборилишини тасдиқлаган ва уларнинг ҳаммаси поездда Жанаўзенга қайтиб кетишганини қўшимча қилган.
“КазМунайГаз” аввалроқ “БерАли Мангистау” компанияси тендерда “ОзенМунайГаз”га ютқазгани, намойишчиларга ўртача 700 минг тенге маош билан бошқа компанияга ишга жойлашиш таклиф қилингани, бироқ улар рад жавобини бериб, тендер натижаларини бекор қилишни талаб қилганини тушунтирган эди.