Қозоғистонда президентлик сайлови кунида тайёрланаётган тартибсизликларнинг олди олинди
Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари 20 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) прокуратура кўмагида айнан шу куни оммавий тартибсизликларни режалаштириш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди, деб хабар қилди қўмита матбуот хизмати.
"Махсус операция натижасида етти нафар шахс қўлга олинди. Жиноят кодексининг 179-моддаси 2-қисми (ҳукуматни эгаллаб олишга чақириқлар) ва 272-моддаси 1-қисми (тартибсизликлар) бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноятчиларнинг яшаш жойларида ашёвий далиллар топилди”, дейилади МХҚ хабарида.
Қўмита маълумотларига кўра, “прокуратура санкцияси билан улар оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш, давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маъмурий биноларига, ҳаётий зарур объектларга қурол ва ёнувчи аралашмалардан фойдаланган ҳолда ҳужум қилиш ҳолатларини ҳужжатлаштирган”.
Ҳибсга олинганлар махсус бошпана ташкил қилишган, у ерда жиноят содир этиш учун асбоблар – турли ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар, ёнувчи «коктейл»лар, бензин канистрлари, рация сақланган, дейди МХҚ. Айни пайтда гумонланувчилар вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.