Қурилиш соҳасида “таниш-билишчилик”нинг олдини олиб бўладими?

Самарқанд вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят бош архитектори Сайфиддин Нарзиқулов журналистларнинг соҳада коррупцияни олдини олишда нималарга аҳамият берилаётганлиги тўғрисидаги саволларига жавоб берди.

- Қурилиш соҳасида коррупция ҳолатлари кўпроқ учраши табиий, - дейди вилоят бош архитектори Сайфиддин Нарзиқулов. – Айниқса, янги уй-жой қурувчилари ер ажратиш, мавжуд бўлмаган техникаларни бор қилиб ўтказиш ва тендерда ғолиб чиқиш учун кимгадир, нимадир ваъда қилишлари мумкин бўлган ҳолатлар учраб туради.

Айни пайтда бошқармамизда ҳам ходимларнинг коррупциявий хатти-ҳаракатлари ва одоб-аҳлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича иш олиб боряпмиз. Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, коррупциявий омилларни кескин камайтириш ишларини самарали ташкил этиш, бу борада тизим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида ички аудит ва комплаенс назорат бош мутахассиси ўз фаолиятини бошлади.

Бошқармада ҳалоллик сиёсатини таъминлаш, ходимларни коррупцияга қарши курашиш маданиятини ошириш, шунингдек, лавозим хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида улар томонидан коррупциявий ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймаслик учун қатор ишлар ташкил қилиняпти. Жумладан, ушбу қабул қилинган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бошқарманинг ҳар бир ходимига тушунтириш, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик ва ушбу ҳолатларнинг содир этилишининг олдини олиш мақсадида ички аудит ва комплаенс назорат бошқармаси ҳамда “KPMG” халқаро аудиторлик компанияси (Италия) экспертлари томонидан давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича «Коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашуви» мавзусида семинар ва маърифат соатлари ташкил этилди.

Бошқармада коррупция ҳақида хабар беришга Фейсбук, Телеграмм ва расмий веб-сайтларда алоқа каналлари ҳамда ишонч телефони ташкил этилган. “Коррупциядан ҳоли дунё – умумбашарий орзу” номли QR-cоdе технологияси асосида тайёрланган махсус смартпостерлар тўпламлари ўрнатилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида бошқармада 26 та вакант лавозимларга танлов эълон қилиниб, уларда иштирок этган 71 нафар номзодларнинг ўзи, профессионал фаолияти, бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан қариндошлик ва тижорат алоқалари ҳақидаги маълумотларни текшириш орқали ҳалол ва холис амалга оширишга қодир мутахассислар ўрганилиб ишга қабул қилинди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.