Манфаатлар тўқнашуви ёки суиистеъмоллик тизимли курашни талаб қилади
Жорий йилнинг 5 июль куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси йиғилишида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: ўзи бу борада нима ишлар қилиняпти?
Жавоб беришда аввало, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг самарали фаолият юритишини таъминловчи омиллардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш ички (комплаенс) назорат (compliance control) тизимини ташкил этиш ҳисобланишини қайд этиш лозим.
Шу боис ўтган йили давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.
Коррупцияга қарши ички назорат — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи профилактик тизимдир.
Тизим коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларни минимум даражага туширишга хизмат қилади. Яъни, хизмат вазифамиз коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш каби қатор профилактик чораларни ўз ичига олади. Шундан келиб чиқиб, вилоят Қурилиш бош бошқармасида ходимлар орасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида ички тартибга риоя қилиш, ваколатларни суиистеъмол қилмаслик ва вазифаларга совуққонлик билан ёндашмаслик, айрим фуқаролар томонидан нисбатан босим ўтказишлар оқибатида кутилмаган ҳолатларга тушиб қолмаслик бўйича профилактик суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.
Умуман, ички назорат ходими тизимда коррупция ҳолатлари, манфаатлар тўқнашувининг ва ходимлар томонидан тамагирликка йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича доимий профилактик тадбирлар олиб боради. Қайд этилган ҳолатлар кузатилмаслиги учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, раҳбариятга тегишли таклифлар киритиб боради.
Қайд этилганларга қарамай, фаолиятимизга 10 баллик тизимда 6 ёки 7 балл қўйиш мумкин, деб ўйлайман. Нега аъло эмас, деган савол туғилиши мумкин. Ҳали коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишимизга юқори баҳо бериб бўлмайди. Чунки йўл қўйилаётган камчиликларимиз, аниқланаётган баъзи суиистеъмолликлар бор.
Рост, ходимнинг иш шароити, ойлик-маошини яхши қилмасдан, кутилган натижага эришиб бўлмайди. Буни айни коррупцияга қарши курашиш масаласида ҳам айтиш мумкин. Шу маънода, тизимда ишловчиларнинг моддий таъминотини яхшилаш чоралари кўриляпти. Зотан, коррупцияни енгиш учун турли омиллар ичида, аввало, моддий таъминот масаласи ҳал бўлмас экан, муаммо ўзгармай тураверади.
Комплаенс-назорат хизмати фаолиятини албатта, ривожлантириш керак. Чунки хар бир давлат ташкилоти тизимида ички назорат тартибга солиниб, шаффофлик таъминланса ва коррупцияга барҳам берилса, фуқароларнинг ишончи ортади. Бу табиийки, хизматлар кўлами ошиб, тизим ривожига, пировардида давлатнинг иқтисодий юксалишига хизмат қилади.
Хуршид Ҳакимов,
вилоят қурилиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи.