Рақамли иқтисодиёт: афзалликлар нималарда намоён?

Рақамли иқтисодиёт тушунчаси мамлакатимизга 2018 йиллардан бошлаб кириб келди. Бу қанақа иқтисодиёт, деган савол ҳаммада пайдо бўлди.

Айтиш мумкинки, рақамли иқтисодиёт жамиятда содир бўладиган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий алоқалар (жараёнлар) ни рақамли технологияларни қўллаш асосида масофадан туриб амалга оширишдан иборатдир. Шу туфайли буни одамлар ўртасида “интернет иқтисодиёти”, инновацион иқтисодиёт”, “янги иқтисодиёт”, “веб-иқтисодиёт” каби атамалар билан ҳам атамоқда.

Бундан кўриниб турибдики, биз рақамли иқтисодиёт элементларидан анча вақтдан буён фойдаланиб келмоқдамиз. Масалан, қишлоқда тўй қилса, олдинлари махсус айтувчи (хабарчи) тайинланар эди. У бирорта уловга миниб қишлоқма-қишлоқ юриб, айтилиши керак бўлган одамларнинг ўзини кўриб айтиб чиқарди. Кейинчалик таклифнома қилиб, бир кишидан шу қишлоққа етказадиган ва кимдир эгаларига тарқатадиган бўлди. Бу билан хабар қилиш жараёни анча енгиллашди. Ушбу жараён аста-секинлик билан телефонга алмашди. Телефон орқали оғзаки хабар қилинади, холос. Аммо ахборотлар кўпайиб, хотирада сақланиши шубҳали бўлиб қолган ҳозирги пайтда телеграм орқали аниқ вақтини, манзилини, кимни, кимникига айтилишини хабарини бермоқда. Мана шу жараёндан кўриниб турибдики, оддий хабар бериш табиий ҳолатдан рақамли ҳолатга айланиб қолди.

Юқоридаги иккита ҳолатда ҳам битта вазифа (иш) бажарилган. Аммо иккаласининг фарқи нималардан иборатлигини тушунтириб ўтиришга изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Бу ерда фақат битта хабар масаланинг ўзагини ташкил қилади. Бу бирорта юк эмас, бошқа предмет ҳам эмас. Унинг вазни ҳам, кўриниши ҳам йўқ. Оддий хабар. Лекин шуни етказишда олдинги билан ҳозирги вазиятни бир солиштириб кўрингчи, қанчалик фарқ бор? Бу оддий мисолдан ҳам кўриниб турибдики, рақамли иқтисодиётда бирорта нарса яратилмайди, аммо ҳаётда муҳим бўлган иш бажарилар экан.

Энди рақамли иқтисодиётнинг товарлар билан боғлиқлигига эътиборни қаратамиз.

Масалан, товарни харид қилиш масаласини олайлик. Сизга харидор сифатида бирорта буюм харид қилмоқчисиз. Уни дўкон (бозорга, супер маркетлар) га бориб бевосита танлаб, савдолашиб, пулини нақд бериб сотиб оласиз. Сўнгра бозордан ушбу товарни уйга ўзингиз олиб келасиз. Тасаввур қилинг, қанча вақтингиз кетади. Бунда ҳам эътибор қилган бўлсангиз ҳеч нарса яратилмайди. Фақат савдо хизматини кўрсатилиши натижасида ишлаб чиқарилган товарга эгалик қилиш ҳуқуқи ўзгаради. Бу мазмун-моҳияти жиҳатидан ҳозирги амалдаги анъанавий иқтисодиёт.

Аммо ҳозир ҳаётимизга электрон тижорат деган тушунча кириб келди. Буни телеграмдаги бирон савдо боти орқали ўзига маъқул товарни танлаб, сотувчига (товар эгасига) буюртма берилади. Ушбу товарнинг нархини электрон тўлов тизими орқали уйда туриб, телеграмдаги “Payme” орқали тўлаб берасиз. Улар ўзлари сиз берган буюртмангизга мос товарни уйингизга ўзлари етказиб беради. Ушбу товарни етказиб бериш хизмати орқали сиздан хизмат ҳақи ундирилади, холос. Бу хизмат ҳақи, сизнинг вақтингиз, кучингиз, асабингизнинг йўқотилганлиги олдида арзимаган қийматга эга. Бу айнан рақамли иқтисодиётнинг намоён бўлишидир.

Кўриниб турибдики, бу ерда ҳам ҳеч қандай товар ишлаб чиқарилмайди, фақат моддий неъматнинг эгаси ва жойи ўзгаради. Агар шу нуқтаи назардан қаралса икки ҳолатда ҳам битта жараён содир бўлди. Бироқ, анъанавий иқтисодиётга нисбатан рақамли иқтисодиётнинг фарқи инсонларга қанчалик даражада қулайлик яратганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу ҳолат инсонларнинг вақтини тежаш, шу вақтни ўзининг интеллектуал салоҳиятининг ошишига сарфлаш имкониятини яратади. Шу тариқа жамиятнинг интеллектуал салоҳияти ошиб боради. Фақат битта нарсани инобатга олиш лозимки, шу рақамли иқтисодиёт натижасида тежалган вақт ва энергияни бесамар сарфламасдан, мақсадга мувофиқ сарфлашга ўрганишимиз, вақтни қадрлашни билишимиз лозим.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, рақамли иқтисодиётнинг имкониятларидан олдин ҳам ўзимиз сезмаган ҳолда фойдаланаётган эканмиз. Аммо унинг нечоғлиқ қулайлигига унчалик аҳамият бермаганмиз. Бироқ, ўтган йилги пандемия шароитида ушбу тадбирларнинг, аниқроғи, рақамли иқтисодиётнинг нечоғлиқ самарали эканлигига гувоҳ бўлдик. Ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам электрон ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда буюртма асосида олиб келадиган кўникмани ҳосил қилдик.

Рақамли иқтисодиётнинг ҳуқуқий жиҳатига эътиборни қаратамиз. Олдинлари ишлаган ташкилотимизда бир сўм оладиган бўлсак ҳам имзо чекиб олар эдик. Эндиликда ойликларимиз пластик карталарга тушади. Бирор жойги имзо чекиш талаб қилинмайди. Ушбу карталардан электрон тўлов орқали турли жойларга, ташкилотларга, хусусан, коммунал хизматлар, телефон, интернет ва бошқа маҳсулот ҳамда хизматлар учун пул ўтказамиз. Электрон тарзда солиқ декларацияси топширамиз, картадан картага пул узатамиз, аммо бирортасига бориб имзо чекиш деган ҳаракат амалга оширилмайди. Бу ҳам қанчалик қулайлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Кассалар олдидаги навбат кутишлар, бориш-келишга кетган вақтлар ҳамма-ҳаммаси тежалди. Бу ерда имзосиз қонун тан оладиган даражада ахборотлар сақланиб турибди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, рақамли иқтисодиётга таъриф бериш мумкин, деб ўйлаймиз. Биз ушбу тушунчага қуйидагича таърифни шакллантирдик. Рақамли иқтисодиёт деганда, жамиятда содир бўладиган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий алоқалар (жараёнлар) ни илғор технологиялар, платформалар ва бизнес моделларини кундалик ҳаётга жорий этиш орқали турли рақамли ахборот технологияларни қўллаш асосида масофадан туриб амалга оширишга қаратилган хизматлар мажмуи тушунилади.

Кўриниб турибдики, рақамли иқтисодиётнинг асосини ахборотлар ташкил қилади. Аммо “Ахборотлар олдин ҳам бор эди-ку, нима учун олдин уни анъанавий иқтисодиёт, энди рақамли иқтисодиёт, деб атамоқдамиз?”, деган саволлар ҳам туғилиши табиий. Бунга изоҳ бериш учун айнан шу ахборотларга олдин ва ҳозир қандай ёндошувлар ва улар қандай воситалар билан ҳаракатланганлиги эътиборни қаратсак масалага ойдинлик киритилади, деб ўйлаймиз.

Рақамли иқтисодиёт шароитида ахборотлар ва у билан боғлиқ ҳаракатларнинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, олдин ахборотлар асосан қўлда анъанавий тарзда шакллантирилган ва шу тарзда алмашилган. Энди эса юқори даражада автоматлаштирилган ҳолда шакллантирилмоқда ва узатилмоқда.

Иккинчидан, олдин оддий анъанавий қўлда шакллантирган ҳужжатлар айланган бўлса, эндиликда электрон ҳужжат алмашилмоқда. Бу ҳужжатнинг шаклланишида инсон иштироки жуда кам. Компьютер технологиялари тегишли дастурлар асосида ахборотларни ўзлари шакллантириб боради.

Учинчидан, олдин бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлар ҳам анъанавий тарзда қўлда тўлғазилар эди. Эндиликда булар ҳам юқори технологик жараёнга асосланган ахборот технологиялари ёрдамида шакллантирилмоқда.

Тўртинчидан, олдин маълумотларни тўплаш учун ўнлаб папкалар қилинар ва улар йиллаб сақланар эди. Эндиликда маълумотларнинг электрон базалари шакллантирилди. Ушбу ахборотлар базасидаги барча маълумотлар қонуний мақомга эга. Шу туфайли корхона фаолиятини назорат қилиш ҳам масофадан камерал текширув асосида амалга оширилмоқда.

Бешинчидан, корхоналарни, корхоналарда ходимларни бошқариш ҳам электрон ахборотларга таянилмоқда ва тегишли топширишлар ҳам электрон тарзда амалга оширилмоқда. Олдин вилоятда бирорта мажлис бўлса, ҳаммани турли туманлардан чақириб келиб, вилоят марказида ўтказилар эди. Эндиликда ҳамма туман раҳбарлари ва мутасадди ходимлар ўзларининг туманларида туриб тегишли топшириқларни олмоқдалар.

Олтинчидан, рақамли иқтисодиёт шароитида ахборотлар тўри (блокчайн) ташкил қилинганлиги туфайли ҳар қандай қонунбузарликларнинг, коррупция ва хуфёна иқтисодиётнинг олди олинди. Энди содир бўлган нарсани ахборот базасига киритсангиз у бир вақтнинг ўзида бир қанча жойда ўзи аксини топади. Бу ахборот ижрочининг қўлида ҳам, назоратчининг қўлида ҳам ва бошқа манфаатдор шахсларнинг қўлида ҳам бўлганлиги туфайли уни ўзгартиришнинг имконияти қатъий чекланади. Бу ҳам рақамли иқтисодиётнинг афзалликларидан биридир.

Еттинчидан, товарлар ишлаб чиқариш, сотиш, турли хизматлар кўрсатиш ҳақидаги маълумотларнинг натижасини ойлик ёки чораклик ҳисобот тузилгандан кейин маълум бўлар эди. Энди эса юқоридаги жараёнлар ҳақида ҳар куни тегишли маълумотларни олиб бориш мумкин.

Саккизинчидан, рақамли иқтисодиёт шароитида дунёда содир бўлаётган хабарларни, мавжуд товарлар ва хизматларнинг мавжудлиги ва қайсиларига эҳтиёжнинг борлигидан ҳам тезкор тарзда хабардор бўлиш имкониятини яратади. Бу эса жаҳон бозорига чиқиш учун тегишли бошқарув қарорларини қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Тўққизинчидан, товарлар, ишлар ва хизматлар пировардида истеъмолчилар учун ишлаб чиқарилади, бажарилади ва кўрсатилади. Рақамли иқтисодиёт шароитида буларнинг шаффофлиги ва тез етиб бориши  истеъмолчилар фикрини ҳам тез илғаб олиш имкониятини беради ва шулар асосида товар ва хизматларни ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ўнглаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Мамаюнус Пардаев,

 СамИСИ профессори.

Озода Пардаева,

ТДИУ Самарқанд филиали кафедра мудири.