Регистон майдони дунёдаги энг гўзал жойлар рўйхатига киритилди

“TimeOut” журнали Самарқанддаги Регистон майдонини дунёдаги энг гўзал 44 та жой қаторига киритди.
“TimeOut” - Лондонда жойлашган халқаро компания бўлиб, дунёнинг 60 та шаҳрида кўнгилочар ва маданий ҳаёт ҳақида айнан шу номдаги ҳафталик журнални нашр этади.
Журнал дунё бўйлаб тажрибали саёҳатчиларнинг фикрларини тўплаб, улар ташриф буюрган энг гўзал жойлар ҳақида сўзлаб берди. Натижада, сайёрамизнинг энг ажойиб гўшаларига йўл кўрсатувчи қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин бўлган рўйхат тузилди.
Самарқандга келган саёҳатчилар Регистон майдонини шундай таърифлашади: “Учта улуғвор иншоот билан ўралган кенг майдон - Регистон Самарқанднинг қадимий қалби, замонавий Ўзбекистондаги Ипак йўли шаҳрининг тимсоли ҳисобланади.
Регистоннинг XV-XVII асрларда қурилган учта мадрасаси равоқли пештоқлари, ялтироқ гумбазлари ва баланд миноралари билан манзарани тасвирлаб беради. Улар ғишт, кошин ва мозаикалардан ясалган геометрик нақшлар билан безатилган.
Бу бинолар улуғворлиги ва нафосат уйғунлигида, мафтункорлиги ва меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Қош қорайиши билан эса улар бутун гўзаллигини намоён этиб, нурга бурканадилар”.