Режани биринчи бажарган фермер учта совға олди

10 минг 974 гектар майдонда ғўза парваришлаган каттақўрғонлик 254 та фермер хўжалиги 30 минг 178 тонналик хирмон яратиш учун бел боғлаган. Етиштирилган ҳосилни қисқа фурсатда йиғиштириб олиш учун 232 та терим отряди ташкил этилди.

Маҳаллалардаги уюшмаган аҳоли ва фермер хўжаликлари ишчиларидан иборат теримчиларга дала бошида кунлик иссиқ овқат ва тушлик ташкил этилган. Уларга биринчи теримда қўлда терилган ҳар килограмм пахта хомашёси учун 850 сўмдан, иккинчи теримда 1200 сўмдан меҳнат ҳақи тўланмоқда. Илғор теримчиларнинг меҳнати эвазига “Дилмурод файзли даласи” фермер хўжалиги аъзолари туманда биринчилар қаторида давлатга пахта сотиш шартнома режасини бажарди.

- Жорий йилда 28 гектар майдонда ғўзанинг эртапишар ва истиқболли навларидан етиштириб, қисқа муддатда қабул масканларига 79 тонна хомашё топшириб, белгиланган режани 107 фоизга бажардик, - дейди фермер хўжалиги бошлиғи Дилшод Маматов. – Ўртача ҳосилдорлик гектарига 28 центнерни ташкил этди. Пахта майдонимизда кўсаклар энди баравж очилаётганини ҳисобга олсак, кейинги теримда гектарига ҳосилдорликни камида 40 центнердан оширишни режалаштиряпмиз.

Хўжалик аъзоларининг муваффақияти муносабати билан хўжаликнинг дала шийпонида ташкил этилган тадбирда туман ҳокими А.Баҳромов уларни телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. Шунингдек, тадбирда вилоятда томчилатиб суғориш технологиясини татбиқ этаётган “ОMAD STAR” масъулияти чекланган жамияти фермер хўжалигига бир жамланма замонавий культиватор совға қилди. “Kattakurgan clаster” масъулияти чекланган жамияти эса хўжаликнинг шу кунгача топширган пахта хомашёси учун тўланадиган 316,8 миллион сўм маблағни шу куннинг ўзида хўжаликнинг ҳисоб-рақамига ўтказиб берди.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.