Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Афсона” ростдан ҳам афсонавийми?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти олимлари томонидан ғўзанинг иқлим шароитимизга мос, сувсизликка чидамли ва серҳосил “Афсона” нави яратилди.

Ушбу нав ўтган йил Нарпай туманидаги “Maroqand sifat” кластер корхонасининг 1,4 гектар ер майдонида синовдан ўтказилди. Танланган жой Нарпайнинг дашт ҳудуди бўлиб, ерлар насос ёрдамида суғорилади, яъни сув танқислиги кузатилади. Бу ерда гармсел шамоли ҳам бўлиб туради. Шунга қарамай, бу навдан 35 центнердан ошириб ҳосил етиштирилди.

Жорий йилда “Афсона” Оқдарё туманидаги “Самарқанд” илмий тажриба станцияси ҳамда Каттақўрғон туманидаги нав синаш маркази далаларида ишлаб чиқариш синовидан ўтказилмоқда.

– “Афсона” ғўза нави бошқа навларга қараганда сувсизликка чидамли ва эртапишарлиги, тола чиқими 40 фоиз ҳамда ихчам тупланишга эга бўлгани сабабли пахта териш машиналарида йиғиштириб олишга қулайлиги, сув тежамкор технологияларни қўллаган ҳолда кўчат сонини ошириш ҳисобига ҳосилдорликни кўпайтириш мумкинлиги билан бошқа навлардан ажралиб туради, – дейди Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, янги нав муаллифи Нормўмин Санаев. – Шу пайтгача ўтказилган тажрибалар ўзини оқлади ва уни кенг қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

“Каттақўрғон” нав синаш маркази бошлиғи Саид Мардиевнинг айтишича, жорий йилда 4 гектар ерда “Афсона” нави экилиб, уч марта суғорилган. Агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши натижасида ҳар гектарда ўртача 45-50 центнердан ҳосил етиштирилди.

– Янги нав экилган ғўза майдонлари “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва Каттақўрғон тумани бўлими, қишлоқ хўжалиги корхоналари мутахассислари томонидан тегишли тартибда чамалашдан ўтказилди, – дейди инспекциянинг Каттақўрғон тумани бўлими бошлиғи Нурали Намозов. – Натижалар ижобий. “Афсона”дан гектарига ўртача 45 центнердан ҳосил олиш мумкин экан.

“Афсона” ғўза навини вилоятнинг пахтачиликка ихтисослашган туманлари далаларида етиштириш юзасидан кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари рахбарлари иштирокида Самарқандда ўтказилган семинарда янги навнинг афзалликлари, уни парваришлаш агротехникаси бўйича батафсил маълумот берилди.