Ректор талабалар ҳузурига келди

Аввал хабар берганимиздек, мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг 11 январь куни вилоятимизга ташрифи давомида Бош вазир ўринбосари, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари Азиз Абдуҳакимовни «Ипак йўли» туризм халқаро университети ректори этиб тайинлаганди.

Кеча Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида янги тайинланган ректор билан университет талабалари ҳамда профессор-ўқитувчиларининг учрашуви бўлиб ўтди.

- Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур университет зиммасига туризмни ривожлантириш бўйича долзарб вазифалар юклатилган, - деди А.Абдуҳакимов. – Аввало, олийгоҳда дарс бераётган профессор-ўқитувчилар нуфузи, бу ерда тайёрланаётган мутахассислар савияси халқаро деган мақомга тўлиқ жавоб бериши лозим. Университет учун қурилаётган бино, жиҳоз, ахборот-коммуникацион тизим ҳам шунга мувофиқ бўлсин. Олийгоҳ раҳбарияти 20 га яқин хорижий сайёҳлик илмий муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Бундай муносабатлар ҳисобот учунгина эмас, реал иқтисодиётимизни таъминловчи юртимиздаги мавжуд зиёрат туризми, тоғ туризми, маънавий-маърифий туризм, экотуризм, этнотуризм тараққиётига хизмат қилсин. Жаҳон туризмини ўқитишнинг энг сўнгги таълим услублари ҳали бизда жорий этилмаган. Бунинг учун ўқитувчиларимизнинг ўзи халқаро талабларга жавоб бермаяпти. Оддий мисол, меҳмонхона менежери бизнесини пухта ўзлаштирган мутахассислар етишмаётган бир пайтда, меҳмонхоналар мутасаддиларининг барчаси ҳам амалиёт ўташ учун борган талабаларни қучоқ очиб кутиб олмаяпти. Бу борада хорижий тажрибаларни ўрганиш жуда муҳим. Университет талабаларининг хорижий мамлакатларда амалиёт ўташи учун ажратилган 30 фоизлик квота камлик қилади. Керак бўлса, ҳаммаси дунё кўрсин. Ҳатто, туризм ривожланган мамлакатларда фаолият юритаётган элчихоналаримиз мутасаддиларини ҳам таълим жараёнларига жалб этамиз.

Очиқ мулоқот тарзидан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама этилди.

- Университетимиз ўқув жараёнларига Индонезия, Испания, Россия, Хитой, Франция, Малайзиянинг туризмга ихтисослаштирилган нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари жалб қилинган, - дейди университетнинг туризм соҳасида маркетинг йўналиши талабаси И.Тўйчиев. – Улар ўтаётган дарс машғулотлари курси ҳафта ёки бир ойга мўлжалланган бўлиб, туризм соҳасида бошланғич билимлар дастури деярли ҳаммасида бир хил. Шунинг учун хорижлик мутахассислар томонидан уюштириладиган машғулот дарсларини камида олти ой қилиб белгилаш ва ўргатилаётган мавзулар кўламини кенгайтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Бундан ташқари, иқтидорли талабаларга туризм соҳасида ўтказилаётган халқаро анжуманлар, форумларда, кўргазмаларда қатнашиш, ўзининг инновацион лойиҳаларини тақдим этиш ҳуқуқи берилса.

Учрашув давомида иштирокчиларнинг мамлакатимиз туризм салоҳияти, кадрлар сифатини яхшилаш борасидаги ўнлаб фикрлари тингланди. Билдирилган таклифлар юзасидан тегишли ташкилотлар мутасаддиларига топшириқлар берилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.