Республика ишчи гуруҳи аъзолари Ургутда учрашувлар ўтказди

Жорий йилнинг 6-7 август кунлари вилоятимизнинг барча туманлари қатори Ургут туманининг Камангарон, Вағашти, Ғўс қишлоқлари аҳолисига жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.

Республикадан Самарқанд вилоятига келган ишчи гуруҳ раҳбарлари томонидан мазкур аҳолига ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, одам савдоси, диний экстремизм ва терроризм каби салбий иллатларнинг оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди.

Шу билан бирга, охирги вақтларда ёшлар томонидан жиноят қилиш ҳолатлари ортиб боргани, аҳоли томонидан ҳар хил кўринишдаги оммавий тартибсизликлар содир этилгани, бундай ҳолатларда “Қонун устувор, жазо муқаррар” эканлиги тушунтириб ўтилди ва шунга ўхшаш ҳолатлар қайта такрорланган тақдирда, жиноят жазосиз қолмаслиги қайта-қайта такрорлаб ўтилди ҳамда ота-оналар фарзандлари тарбиясига эътиборли бўлишлари лозимлиги таъкидланди.