Ривоят: ИБРАТЛИ СИНГИЛ...
Қадим замонда подшоҳ бир йигитни айби учун оиласи билан ўлимга ҳукм қилибди.
Подшоҳ маҳбусларнинг охирги сўзларини эшитмоқчи бўлиб зиндонга борибди. Подшоҳ биринчи бўлиб йигитнинг отасига дебди:
- Охирги сўзингни айт!
Йигитнинг отаси:
- Подшоҳи олам, биз ўлганимиздан сўнг бир оғиз фотиҳа ўқинг. Сизнинг дуоингиз ижобат бўлади, иншоаллоҳ. Зеро, подшолар Яратганнинг ердаги соясидурлар, - дебди кўзи ёшланиб.
Подшоҳ бош ирғаб, йигитнинг онасига юзланибди:
- Эй, онаизор, охирги сўзингни айт!
Она зорланибди:
- Онага фарзандининг жон беришини кўришдан у дунёю бу дунё ортиқ азоб йўқ. Олдин мени осишсин, токи фарзандимнинг ўлимини кўрмай.
Навбат йигитнинг яккаю ягона синглисига келибди.
- Айт, охирги тилагинг нима? - дебди подшоҳ.
- Подшоҳи олам, менга игна билан ип келтиришсин, илтимос. Кўйлагимнинг этаги йиртилибди, шуни тикиб олай, - дебди ийманиб сингил.
Подшонинг ҳайрати ошиб:
- Сен эртага саҳарда шаҳар ўртасидаги дорга осилишингни биласанми? Нима қиласан этагингни тикиб? Энди бунинг сенга нима фарқи бор? - дебди.
- Эй, подшоҳи олам! Мен акамнинг синглисиман.. Акам мендан ҳамиша ҳаёли, иболи қиз бўлишимни талаб қилганлар. Мени ҳамиша тергаб, юриш-туришимни назорат қилиб, бегона кўзлардан сақлаганлар... Эртага халойиқ олдида дор остига қандай этаги йиртилган кўйлак билан чиқаман?! Уят ўлимдан қаттиқ-ку! Изн беринг, сўнгги нафасимгача акамга муносиб сингил бўлай...
Подшо кўзёшини яшира олмабди.
- Ҳаммаларингни озод этдим, гуноҳларингдан ўтдим. Шундай сингилга ака бўлган йигитни ҳам кечирдим, - дебди подшо.