Россия Федерацияси Давлат Думаси Украинанинг босиб олинган ҳудудларини аннексия қилишни маъқуллади

Россия Думаси Украинанинг босиб олинган тўртта вилояти – ўзини ўзи эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг аннексия қилинишини расмийлаштирган ҳужжатларни бир овоздан ратификация қилди.

Кремлда ҳужжатлар Россия Федерациясига янги субъектларни қабул қилиш тўғрисидаги битимлар деб аталади. Бугун қонун лойиҳалари Федерация Кенгаши томонидан кўриб чиқилади, кейин Президент Владимир Путин томонидан тасдиқланиши керак.

"Бугун биз учун ҳаёт-мамот кун. Биз биламизки, тўртта ҳудуд - ЛХР, ДХР, Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳудудида яшовчи аҳолини қутқаришнинг ягона йўли - қайта бирлашиш, Россия Федерациясига қўшилиш, ", деди Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин.

“Референдум”лар Россия босиб олинган ҳудудларда ҳарбий тажовузи давом этаётган шароитда ўтказилди. Эълон қилинган натижалар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмади.

Шу орада AFR журналистлари Донецк вилоятининг Лиман шаҳридан унча узоқ бўлмаган Закотное қишлоғига боришга муваффақ бўлди. Украина назоратига қайтган бу аҳоли пунктида деярли барча уйлар вайрон бўлган.