Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россия Гаагадаги Халқаро жиноий судни тан олмаслигини билдирди

Халқаро жиноий суд Украинадаги уруш юзасидан Россияга қарши иккита ҳарбий жиноят ишини очишни режалаштирмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия бу суднинг юрисдикциясини тан олмаслигини айтди.

"Россия Гаагадаги Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олмайди", деди 14 март куни Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия томонига қарши эҳтимолий иш юзасидан изоҳ берар экан.

The New York Times газетасининг кеча хабар беришича, Гаагадаги суд Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ иккита ҳарбий жиноят ишини очмоқчи ва бир неча кишини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрайди.

Хабарда айтилишича, ҳолатлардан бири украиналик болаларни ўғирлаш ва уларни Россиянинг «қайта тарбиялаш» лагерларига мажбуран ўтказиш билан боғлиқ. Иккинчиси - Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига атайлаб зарба бериш. Бу Украинадаги гумон қилинаётган жиноятлар учун россиялик амалдорларни халқаро суд олдида жавобгарликка тортишга биринчи уриниш бўлиши мумкин.

Айнан кимга айблов қўйилиши номаълумлигича қолмоқда. Баъзи экспертлар президент Путиннинг ўзи айбланувчи бўлиши мумкинлигини айтишган, чунки ХЖС уруш жиноятлари билан боғлиқ ишлар бўйича давлат раҳбарининг дахлсизлигини тан олмайди.

Россия Рим статутининг иштирокчиси эмас

Федерация Кенгаши вице-спикери Константин Косачев ҳам бир кун олдин «ХЖСда Россия устидан юрисдикция йўқлиги» ни таъкидлаган. «2016 йилдан бери Россия 1998 йилги Рим статусига аъзо бўлмаган, яъни ХЖС мамлакатимиз устидан юрисдикцияга эга эмас», — деб ёзган сенатор ўзининг телеграмдаги каналида.

Косачев, шунингдек, ХЖС ҳозирча Донбас ҳудудларига қарши «Украина расмийларининг жиноятлари»га ҳуқуқий баҳо бермаганига эътибор қаратган ва Гаагадаги суд «танлаб адолат қилиш» билан шуғулланганини қўшимча қилган