Россия гази - Кремлнинг сиёсий қуролими?
Россия президенти Владимир Путин Эронга сафари чоғида Россия газининг Европага оқими қисқаришида Ғарб айбдор эканини айтди ва бу ҳали бошланиши дея огоҳлантирди.
Теҳронда журналистлар билан суҳбатда Россия раҳбари, агар турбинани зудлик билан алмаштирмаса, “Шимолий оқим” орқали Германияга оқиб келаётган газ ҳажми кунига 60 миллион кубометрдан 30 миллион куб/метргача қисқариши билан таҳдид қилди. Бу умумий қувватнинг бешдан бир қисмидир.
Путиннинг қўшимча қилишича, Россия яқинда қуриб битказилган аммо ҳали-ҳануз ишга тушмаган “Шимолий оқим-2” газ қувурини ишга тушириши мумкин. Аммо лойиҳа умумий қувватининг ярмигагина ишлайди.
Февраль ойида Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши ортидан Европа Иттифоқи Россия кўмири ва нефтининг катта қисмини импорт қилишни тақиқлади. Янги қоидалар жорий йил охирида кучга киради, бироқ блок мамлакатларидаги заводлар, энергетика сектори ва турар-жой биноларининг иситилиши ўта боғлиқ бўлган табиий газга таъсир қилмаслиги айтилмоқда.
Нега «Газпром» етказиб беришни қисқартирди?
Ўтган ҳафтада “Газпром” Портовая компрессор станцияси турбиналарини таъмирлаш билан боғлиқ муаммолар сабаб “Шимолий оқим” қувури орқали етказиб беришни 40 фоизгача қисқартирганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Канада Россияга қарши санкциялар туфайли Siemens томонидан таъмирлаш учун юборилган турбинани қайтариб бера олмаслиги маълум қилинганди. Канада ва Германия кейинроқ турбинани қайтариш бўйича келишувга эришдилар, бироқ Владимир Путин ўтган сешанба куни "Газпром" ҳали ҳам тегишли ҳужжатларни олмаганини айтди.
Аввалроқ “Коммерсант” компрессор станцияси учун ускуналар Канададаги таъмирлаш заводидан Германияга жўнатилгани ва Россияга 24 июлда етиб бориши кераклигини хабар қилганди.
Siemens турбинага техник хизмат кўрсатиш одатдаги шароитларда мунтазам эканлигини билдирди. "Агар сиёсий ирода ва санкциялар режими имкон берса, агар биздан сўралса, турбиналарга одатдаги юқори сифат стандартлари бўйича хизмат кўрсатишни давом эттирамиз. Бундай ҳолларда бизнинг мақсадимиз - турбиналарни имкон қадар тезроқ жойига етказишдир", - дейилади хабарда.
Россия раҳбари, шунингдек, июль ойи охирида “Газпром” яна бир турбинани таъмирлашга тўхтатиш кераклигини, Канада турбинани ўз вақтида қайтармаса, газ оқими янада қисқаришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, газ етказиб бериш қисқаришининг иккинчи сабаби, кремлпараст сепаратистлар назорати остидаги ҳудуддан ўтувчи транзит газ қувури тармоғини тўсиб қўйган Украина ҳаракатларидир дейилади.
Сиёсий қарор қандай?
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Леен Москва далилларини танқид қилиб, қувурнинг нормал ишлаши учун "муқобил турбиналар" мавжудлигини айтди.
“Газ беришдан бош тортишга ҳеч қандай баҳона йўқ”, деди у.
"Ушбу захира турбина сентябрь ойида ишлатилиши керак эди, шунинг учун биздаги маълумотларга кўра, бу бир баҳона ва бу баҳонани йўқотиш учун ҳаракат қиляпмиз", деди кеча, 20 июнь куни Германия Иқтисодиёт ва иқлим вазирлиги матбуот котиби.
Германиянинг Gascade тармоқ оператори томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бугун, 21 июль куни Германия шимолидаги Лубмин шаҳридаги қувур етиб бориш нуқтасида газ таъминоти қайта тикланиши кутилмоқда. Тўғри, оператор сўзларига кўра, улар олдингига нисбатан атиги 40 фоизни ташкил қилади.
Аввалроқ Еврокомиссия газни сақлаш омборларида тўплаш бўйича режалар Газпром етказиши қисқариши туфайли барбод бўлганини маълум қилган ва қишда иссиқлик таъминоти узилиб қолмаслиги учун Европа Иттифоқининг барча 27 давлатига истеъмолни ҳозирдан қисқартиришни тавсия қилган эди.
"Кремлнинг бу урушда газни қуролга айлантириши фонида Европа Иттифоқи Россия газини етказиб беришни янада қисқартириш хавфига дуч келиши аниқ. ЕИга аъзо давлатларнинг деярли ярми аллақачон Россиядан кам газ олмоқда", дейилади Еврокомиссия баёнотида.
Россия гази муаммоси нимадан келиб чиқди?
Россия гази Европа импортининг қарийб 40 фоизини ташкил қилади.
22 февраль куни Германия канцлери Олаф Шолс Москва Украина шарқидаги сепаратистик ҳудудларни тан олгани муносабати билан Россия ва Германияни боғловчи “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилиши тўхтатилганини маълум қилди.
Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин АҚШ президенти Жо Байден Россия углеводородлари импортини тақиқлади. Шу билан бирга, Буюк Британия 2022 йил охиригача Россия энергия манбалари импорти тўхтатилишини эълон қилди. Европа Иттифоқи бу йил Россиядан углеводород харид қилишни учдан икки қисмга қисқартириш ниятида эканини айтди.
23 март куни Владимир Путин Европа Иттифоқига Россия гази учун доллар ёки еврода тўлашни тақиқлади. У Россия газини "дўстона бўлмаган" мамлакатлар, айниқса европалик истеъмолчилари ҳисоб-китоб учун Россия банкларида рубль ҳисобларини очиши шартлигини эълон қилди.
Апрель ойида “Газпром” рублда тўламагани учун Болгария ва Польшага газ етказишни умуман тўхтатди. Шундан сўнг Россия рублда тўлашдан бош тортган ва НАТО аъзолигини талаб қилган Финляндияга, шунингдек, Нидерландия ва Данияга газни узиб қўйди.
30 май куни Европа Иттифоқининг 27 давлати етакчилари йил охиригача Россия нефти импортини тахминан 90 фоизга қисқартириш бўйича келишувга эришди, бироқ газ эмбаргосини кейинга қолдирди. Айни пайтда АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия газига муқобил музокаралар олиб бормоқда. Шу тариқа Вашингтон жорий йилда Европага қўшимча 15 миллиард куб метр суюлтирилган газ етказиб бериш ниятида.
Г.Холдорова тайёрлади.