Россияда икки ўзбекистонлик ёниб кетди

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 25 декабрга ўтар кечаси Иркутск вилоятининг Залари аҳоли пунктида жойлашган ётоқхонада содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистон фуқаролари Ҳ.Н. ва О.С.нинг ҳалок бўлганлиги тўғрисида ОАВда тарқалган маълумотни тасдиқлади.

Ҳодиса жойидан 13 киши эвакуация қилиниб, уларнинг икки нафари касалхонага ётқизилган, тўрт кишига тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар амбулатор даволанишда.

Бош консулхона вазиятни назоратга олган. Сибир федерал округи ва Иркутск вилояти ваколатли органлари ва тиббиёт муассасаси билан мунтазам алоқада бўлиб турибди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этади ҳамда Россиянинг Сибир федерал округи ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7-383-246-04-85, +7-383-246-04-84, +7-383-246-04-63, +7-383-246-04-64.