Саъдийнинг “Гулистон”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома” каби асарлари нусхалари кўчирилган Бойсунқур Мирзо кутубхонаси қаерда?
Бугун юртимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бундан олдинги Ренессанс жараёни Шарқда XIV-XVI асрларда содир бўлиб, у Темурийлар Ренессанси номи билан машҳур бўлган.
Амир Темур ва темурийларнинг Шарқ ва дунё илм-фани, санъати ҳамда маданияти тараққиётига қўшган ҳиссаси, Соҳибқироннинг темурийлар уйғониш даврининг тамал тошини қўйгани ҳақида юртимиз ва хорижлик олимлар кўп ва хўб ёзган.
Аммо темурий шаҳзодалар орасида яна бир шахс борки, унинг илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида кам ёритилган. Ваҳоланки, бу шаҳзоданинг илм-фан олдидаги хизматлари беқиёс. Рус шарқшуноси О.Акимушкин унинг илм-фан борасидаги хизматлари Мирзо Улуғбекнинг хизматидан кам эмаслигини алоҳида таъкидлаган. Бу тарихий шахс 1397 йилда
Мирзо Шоҳрух ва малика Гавҳаршодбегим оиласида дунёга келган Ғиёсиддин Бойсунқур Мирзодир.
Соҳибқирон жорий қилган анъанага кўра, Бойсунқур Самарқандда туғилган, катта энаси Бибихоним қўлида тарбияланган. Сўнгра унга Отабек тайинланиб, Бойсунқур унинг ёрдами билан меросхўр шаҳзода билиши лозим бўлган қиличбозлик, от чопиш, ўқиш, ёзишни ўрганган. Табиатан ўта қобилиятли бўлган Бойсунқур поэзиянинг нозик сирларини ўзлаштирган, мусиқа асбобларини маҳорат билан чалган.
Айниқса, у хаттотликда шуҳрат қозонган, араб ёзувининг мухакам, сулс, насх, тауқи, рика ва райҳон усулларида нафис ёзувлар битган. Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, Бойсунқур Мирзо туркий ва форсий тилларда ғазаллар битган.
Шарқшунос О.Акимушкин Бойсунқур Мирзо ҳақида ёзган мақоласида, бу шаҳзоданинг камтарлиги ва адолатпарварлигини кўрсатувчи тарихий воқеани келтирган. Олимнинг ёзишича, Бойсунқур ўзига Шоҳий деган тахаллус танлаган. Ўша вақтда Ҳиротда яшаган Амир Оқ Малик Сабзаворий деган шоир ҳам Шоҳий тахаллуси билан ғазаллар ёзган. Шоир бир ғазал ёзиб, Бойсунқур Мирзога жўнатган. Ғазалда Шоҳий тахаллусини биринчи бўлиб у танлаганини, Бойсунқур эса уни кейин ўзлаштирганини нозик тарзда баён қилган. Ғазални ўқиган Бойсунқур уялиб, бу тахаллусдан воз кечган экан. Ўз мавқеи жиҳатидан бу тахаллусга лойиқ бўлган Бойсунқур ундан Оқ Малик Сабзаворий фойдасига воз кечгани унинг камтарин ва адолатпарварлигини яққол кўрсатиб турибди.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, уч ака-ука Мирзо Улуғбек, Иброҳим Султон ва Бойсунқур Мирзолар ўртасида доимий равишда мактуб ёзишмалари бўлган, бу ёзишмаларда улар илм-фан, санъат ва маданиятга оид ўз фикрларини ўзаро баҳам кўрганлар. Бойсунқур Мирзо поэзияни юксак қадрлаган. У айниқса, Амир Хусрав Деҳлавий ижодини севиб ўрганган ва юксак баҳолаган. Бойсунқур Мирзо Хусрав Деҳлавий ғазалларини жамлаб “Девон” тузган. Бу шаҳзоданинг саъй-ҳаракати билан Ҳиротда ўзига хос шоирлар давраси тузилган ва унга ўша даврнинг машҳур шоирлари йиғилган. Бойсунқур Мирзонинг машҳур форс шоири Абулқосим Фирдавсий ижодини абадийлаштириш ва келгуси авлодларга етказиш борасида қилган хизматлари барча олимлар томонидан тан олинган. О.Акимушкиннинг ёзишича, Бойсунқур Мирзонинг кутубхонасида Фирдавсий “Шоҳнома”сининг бир неча қўлёзмалари мавжуд бўлган. Бу қўлёзмалар билан танишиб чиққан амирзода уларнинг ўртасида анчагина фарқ борлигини англаган. Шундан сўнг у барча қўлёзмаларни таққослаб чиқиб, улар асосида ягона нусха тайёрлаш ҳақида кўрсатма берган. Шу тариқа Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома”сининг “Бойсунқур таҳрири” пайдо бўлган ва айнан ушбу таҳрир бизнинг кунларимизгача етиб келган. Ушбу қўлёзма ҳозирда Теҳрон шаҳридаги Салтанат кутубхонасида сақланмоқда.
Бойсунқур Мирзо Ҳиротда ўз кутубхонасини ҳам ташкил этади. Бу кутубхона кўпчилик тасаввуридаги китоблар сақланадиган ва одамлар китоб қироат қиладиган жойдан тубдан фарқ қилган. Бойсунқур Мирзо ташкил қилган бу кутубхона ўша даврнинг ўзига хос нашриёти ва босмахонаси ҳам эди. Бу кутубхонада энг моҳир хаттотлар, наққошлар, мусаввирлар, мужаллид (муқовасоз)лар китобдор раҳбарлигида меҳнат қилган. Шунингдек, ушбу кутубхонада заргарлар, дурадгорлар ва кандакорлар ҳам меҳнат қилган.
Уларнинг ҳар бири қўлёзма асарларни чинакам санъат асари даражасига етишида ўз ҳиссасини қўшган.
Тарихий манбаларда ёзилишича, ушбу кутубхонада қирқдан ошиқ ижодкорлар, ҳунармандлар меҳнат қилган, бу ўша давр учун жуда катта ташкилот эди. Бу кутубхона тарихи билан шуғулланган, швед дипломати Ф.Мартин уни “Бойсунқур Академияси” деб атаган эди. Бу атама тезда жаҳон олимлари томонидан тан олинди. Тарихий манбаларда бу кутубхонада меҳнат қилган ижодкорларнинг номи сақланиб қолган. Бойсунқур кутубхонасида Мавлоно Шамс, Мавлоно Қутб, Мавлоно Саид ад-Дин, Мавлоно Муҳаммад Мутаҳҳар каби машҳур хаттотлар, Амир Холиқ ва Хўжа Ғиёсиддин Наққош каби мусаввирлар, қўлёзмаларга бадиий ишлов берувчи Мавлоно Али, Мавлоно Шаҳоб, Маҳмуд, Хожа Атай, Сайфиддин каби наққош, музаҳҳиб, жадвалкашлар меҳнат қилган. Кутубхонада кўчирилган китоблар рўйхатига назар соладиган бўлсак, уларнинг орасида Саъдийнинг “Гулистон”, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” ва “Рисолаи хаттот Хожа”, Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонгўшой”, тарихчи Табарийнинг “Тарихи Табарий” асарларини кўришимиз мумкин.
Бойсунқур Мирзо кутубхонасида кўчирилиб тайёрланган 19 китоб бизнинг кунларимизгача етиб келган. Бошқа қўлёзмаларнинг тақдири ҳозирча номаълум. Бу китоблар Санкт-Петербург, Теҳрон, Лондон, Истанбул, Дубай каби шаҳарларда сақланмоқда. Ғиёсиддин Бойсунқур Мирзо 1433 йилнинг 19 декабрида Ҳиротнинг Боғи Сафид саройида вафот этади. Уни онаси Гавҳаршод қурдирган мадрасага дафн этишади. Шундан сўнг кутубхона унинг ўғли Алауд Давла ихтиёрига ўтади. Манбаларда айтилишича, бу кутубхонадаги айрим китобларни Мирзо Улуғбек Самарқандга ҳам олиб келган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, темурийлар сулоласининг ёрқин вакилларидан бири Ғиёсиддин Бойсунқур Мирзо турк, ҳинд, араб ва форс халқларидан мерос бўлиб қолган кўплаб ноёб қўлёзмаларни сақлаб, авлодларга етказишда буюк хизмат қилган, илм-фан, санъат ва маданият ҳомийсидир. Бу улуғ зотнинг Темурийлар Ренессансига қўшган оламшумул ҳиссаси ҳали етарлича ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди.
Амриддин Бердимуродов,
тарихчи олим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.