“Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида психотроп таблеткалар ушлаб қолинди
Божхона органлари томонидан халқаро аэропортларда назоратни кучайтириш орқали ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навбатдаги шундай ҳолат Самарқанд халқаро аэропортида фош этилди. “Москва–Самарқанд” авиарейси билан учиб келган фуқаро Б.Д. божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ўтаётган вақтда божхона ходимлари томонидан тўхтатилди ва белгиланган тартибда текширувдан ўтказилди.
Йўловчининг багаж сумкаси кўздан кечирилганда, 2 қути, жами 120 дона “Клобазам 10 мг” номли психотроп таблеткалар борлиги аниқланди. Мазкур дори воситаси психотроп моддалар тоифасига кириб, унинг мамлакат ҳудудига олиб кирилиши белгиланган тартиб ва рухсатномалар асосида амалга оширилиши лозим.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қонунбузарликка ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли қарор қабул қилиш ишлари давом этмоқда.
Божхона органлари фуқароларни дори воситаларини олиб киришда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақиради.