Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд Анқара билан биродарлашиши мумкин

Мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Республикаси пойтахти Анқара шаҳри мэри Мансур Яваш бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов меҳмонларни юртимизда кўриб турганидан хурсандлигини билдириб, бу ташриф қардош дўстларнинг учрашуви, самимий мулоқоти эканлигини таъкидлади.

Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Президентлари саъй-ҳаракати билан давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, янги босқичда давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Айниқса, давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар, туркиялик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётгани туфайли ўзаро ҳамкорликда икки томон учун ҳам манфаатли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Самарқандда ҳам текстил, қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм соҳаларида Туркия билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Э.Турдимов алоқаларни янада ривожлантириш, Самарқанд ва Анқарада тадбиркорларнинг бизнес форумларини уюштириш, ўзбек ва турк халқлари маданияти кунларини ўтказиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Туркия пойтахти мэри бу ташаббусларни қўллаб-қувватлаган ҳолда келгусида Анқара ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида биродарлашув масаласи кўриб чиқилаётгани, Ўзбекистонда зиёрат туризмни ривожлантириш борасидаги ишларда Анқара томони ҳам фаол иштирок этиш истагида эканлигини маълум қилди.

– Ўзбекистонга, Самарқандга илк бор келган бўлсам-да, бу ерда ўзимни худди Анқарада юргандек ҳис қиляпман, – деди Анқара шаҳри мэри Мансур Яваш учрашувдан сўнг берган интервьюсида. – Бу турк ва ўзбек халқларининг азалдан ўзаро яқинлиги, тарихимиз, маданиятимиз, анъана ва урф-одатларимиз муштараклиги туфайли деб биламан. Ва ишонаманки, келажагимиз ҳам бирга бўлади. Бугунги кунда бизнинг мамлакатда, Анқарада Ўзбекистонга, бу ерда олиб борилаётган ислоҳотларга қизиқиш жуда кучли. Тадбиркорларимиз Ўзбекистонда бизнес фаолиятини олиб боришга интилмоқда. Айниқса, юртингизда зиёрат туризмни ривожлантириш борасидаги ишларни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон муқаддас Ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар юрти. Бу улуғ зотлар номи билан боғлиқ масканларни зиёрат қилиш барча мусулмонлар, жумладан, туркияликларнинг ҳам орзуси ҳисобланади.

Меҳмонлар ташриф доирасида Имом Бухорий мажмуаси ва халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бўлди. Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди.