Туркиянинг Суриядаги операцияси: Москва ва Анқара муроса қидирмоқда
Россия Туркиянинг Сурия шимолидаги курдлар позицияларига қарши навбатдаги ҳарбий операция ўтказиш режасини маъқулламади. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарованинг айтишича, бундай қадам Араб Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузиш ҳисобланади.
Кузатувчиларнинг қайд этишича, Анқара минтақада вазият кескинлашмаслиги учун Москва билан бу борада келишмовчиликларни бартараф этишга интилмоқда. Бугун, 8 июнь куни Туркия пойтахтида Сергей Лавров ва Мевлют Чавушўғли ўртасидаги музокараларда трансчегаравий интервенция асосий мавзулардан бирига айланди.
Туркия ўз чегаралари бўйлаб 30 километрлик хавфсизлик зонаси ҳудудини кенгайтиришга интилмоқда.
Associated Press хабарига кўра, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган курд ўз-ўзини мудофаа қилиш отрядлари Туркиянинг эҳтимолий босқинига қарши курашда расмий Дамашқ билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
Шу ҳафта Москва ва Дамашқ ҳарбий-ҳаво кучларининг қўшма машғулотлари бўтказилиши ҳақида маълум бўлди. Сурия Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, Россиянинг 2 та "СУ-35" қирувчиси ва Суриянинг 6 та "МиГ-23" ва "МиГ-29" самолётлари шартли душманнинг жанговар самолёт ва учувчисиз аппарати билан тўқнашувни тақлид қилган. Вазирликнинг маълум қилишича, маневрлар Исроил назоратидаги Голан тепаликлари яқинида, шунингдек, мамлакат шимоли ва шарқида ўтказилган.
Аввалроқ Сурия давлат телевидениеси Исроилнинг Дамашқ жанубидаги Сурия армиясига қарашли объектларга зарба бергани ҳақида хабар берган эди. Тель-Авив ўққа тутиш ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади.