Самарқанд давлат чет тиллар институтида қўшма таълим дастурлари асосида қабул квоталари маълум бўлди
СамДЧТИда 2020-2021 ўқув йили учун хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш режалаштирилган таълим йўналишлари (мутахассисликлар)га қабул квоталари маълум бўлди.
Жорий йилда абитуриентлар мазкур институтда ташкил этилган қўшма таълим йўналишларига ҳам ҳужжат топширишлари мумкин. Мазкур таълим йўналишларига ўқишга қабул қилинадиган абитуриентлар келгусида ўқув жараёнларини 2 йил (магистратура 1 йил) Самарқанд давлат чет тиллар институтида, қолган 2 йилини (магистратура 1 йилини) ҳамкор ҳисобланган хориждаги олий таълим муассасаларида давом эттиради. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу таълим йўналишларини тамомлаган талабалар 2 та мутахассислик дипломига эга бўлади. Аниқроғи, ушбу мутахассислик дипломлари билан иккита давлатда ҳам фаолият олиб боришлари мумкин.
Самарқанд давлат чет тиллар институти ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамкорликда ташкил этган қўшма таълим йўналишлари қуйидагилар:
1. Бакалавр таълим босқичида Россия Федерациясининг Алтай давлат педагогика университети ҳамкорлигида “Филология ва тилларни ўқитиш: рус тили” (2+2) таълим йўналиши ташкил этилган. Ушбу таълим йўналишида қабул квотаси 30 нафар. Ўқишга қабул қилинган абитуриентлар 2 йил Самарқанд давлат чет тиллар институтида, 2 йил Россия Федерациясининг Алтай давлат педагогика университетида таҳсил олади.
2. Бакалавр таълим босқичида Жанубий Кореянинг Сунчунян университети ҳамкорлигида “Филология ва тилларни ўқитиш: корейс тили” (2+2) таълим йўналиши ташкил этилган. Ушбу таълим йўналишида қабул квотаси 30 нафар. Ўқишга қабул қилинган абитуриентлар 2 йил Самарқанд давлат чет тиллар институтида, 2 йил Жанубий Кореянинг Сунчунян университетида таҳсил олади.
3. Магистратура таълим босқичи учун АҚШнинг Вебстер университети ҳамкорлигида “Инглиз тилини иккинчи чет тили сифатида ўқитиш” таълим йўналиши ташкил этилган. Ушбу таълим йўналишида қабул квотаси 40 нафар. Ўқишга (магистратурага) қабул қилинган абитуриентлар 1 йил Самарқанд давлат чет тиллар институтида таҳсил олади. АҚШга бориб ўқимайдилар, бу йўналишда таҳсил олиш муддати бир йил этиб белгиланган.
4. Магистратура таълим босқичи учун Россия Федерациясининг Белгород давлат миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида “Лингвистика: инглиз тили” (1+1) таълим йўналиши ташкил этилган. Ушбу таълим йўналишида қабул квотаси 10 нафар. Ўқишга (магистратурага) қабул қилинган абитуриентлар 1 йил Самарқанд давлат чет тиллар институтида, 1 йил Россия Федерациясининг Белгород давлат миллий тадқиқот университетида таҳсил олади.
Бундан ташқари, 2020-2021 ўқув йилида Хитой Халқ Республикасининг Шанхай хорижий тиллар университети билан хитой тили, Жанубий Кореянинг Чосон университети билан корейс тили йўналиши бўйича, шунингдек, Малайзиянинг City University of Malaisya университети билан туризм ва журналистика йўналиши бўйича қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган. Ушбу йўналишларга қабул квоталари яқин кунларда маълум бўлади. Бу йўналишларга ҳам абитуриентлар ҳужжат топширишлари мумкин.
Асилбек АБДУРАИМОВ,
СамДЧТИ ахборот хизмати раҳбари.