Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат университетида “Али Қушчи — Мирзо Улуғбек илмий мактабининг буюк вакили” мавзусида халқаро илмий конференция бошланди

Конференцияда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган олимлар, фан арбоблари, профессор-ўқитувчилар қатнашмоқда.

Дастлаб сўзга чиққан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов халқаро конференцияда қатнашаётган барча иштирокчиларни қутлади.

- Бугун биз Али Қушчи каби бетакрор ва улуғ аллома меросига мурожаат қиляпмиз. Зеро, бу математик ва астроном олим фаолиятига бағишланган тадбирнинг Самарқандда ўтказилишида рамзий маъно бор. Чунки Али Қушчи XV асрда айнан Самарқандда туғилиб вояга етди, камол топди ҳамда илмий асарларни араб ва форс тилларида ёзиб қолдирди. У бошланғич билимларни Самарқанддаги мадрасаларда, математика ва астрономияга оид билимларни эса бевосита Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбекдан ўрганган. Бинобарин Али Қушчи ўз асарларида Самарқанд илмий-адабий муҳитининг қудрати ва салоҳиятига юксак баҳо берган, бу ҳақда бир нечта рисолалар ёзган.

Али Қушчи Самарқандда гарчи илм-фан гуркираган пайтда ишлаган бўлса-да, ниҳоятда мураккаб шароитларда фаолият кўрсатган. Устозлардан ўрганиш баробарида шогирдларини ҳам тўғри йўлга бошқариб турган. Чунки унга устозлари меросини сақлаш, уни авлодларга етказиш масъулияти ҳам юкланган эди. Айниқса Мирзо Улуғбекнинг ўлимидан кейин унинг илмий асарлари, расадхонадаги ускуналарини сақлаш ниҳоятда мураккаб кечган, аммо у бу ишни уддалаган.

Бундан ташқари Али Қушчининг улуғ хизмати шундаки, у ана шу меросни тахт учун бўлган талотўплардан омон асраб, Туркияга олиб боришга муваффақ бўлди. Устозининг “Зижи Жадиди Кўрагоний” асарини турк ва бошқа тилларга таржима қилиб, Европага ҳам тарқатди. Бу эса Мирзо Улуғбек кашфиётининг дунёвий аҳамиятини оширди.

Али Қушчи мероси, гарчи бутун дунёда нуфузли олий ўқув юртларида дарслик сифатида амал қилаётган бўлса-да, уни янада оммалаштириш, бу меросдан аҳолимизни кўпроқ хабардор қилиш лозим, - деди вилоят ҳокими.