Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов Самарқандда ИИБ ходимларига нималарни гапирди?

Самарқанд давлат университетининг собиқ битирувчиси, 2006-2013 йилларда республика ИИВни бошқарган Баҳодир Матлюбов вилоятимизда бўлди.

Негаки, “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” шиори остида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

Тадбирда ИИВ Академияси бошлиғининг маслаҳатчиси, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов, вазирлик Фахрийлар кенгаши аъзолари, вилоят ички ишлар тизими фахрийлари, ёш ходимлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Меҳмонлар ўз фаолиятларидаги эътиборли воқеалар, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти, бугунги кунда ходимлар олдида турган вазифалар, улар эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритди.

- Жалолиддин Румий “менга ақл ўргатадиган эмас, ўзининг ибратли фаолияти билан ўрнак бўладиган инсонлар керак” деган экан, - дейди ИИВ Академияси профессори, полковник Шариф Қобилов. – Бугунги тадбирда тизимда самарали меҳнат қилиб, ўзидан муносиб из қолдирган фидойи ходимлар ёш авлодга ўзларининг узоқ йиллик фаолиятлари давомида бошидан ўтказган қийинчиликлар, мураккаб вазиятлар ва албатта, эришган муваффақиятлари ҳақида гапириб берди. Ўйлайманки, учрашув давомида фахрийларимиз таъкидлаб ўтган маслаҳатлар, ўз фаолиятларидан келтирган ҳаётий мисоллар ёш ходимларга ибрат бўлади.

Учрашув давомида ёш ходимлар, ИИВ Самарқанд академик лицейи ўқувчилари, олий таълим муассасалари талаба-ёшлари фахрийларга ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, соҳага оид, тизимда самарали фаолият юритишда аҳамият бериш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот олди.

– Бобом ва отам ички ишлар тизимида фаолият юритиб, элда обрў-эътибор қозонган, – дейди ИИВ Самарқанд академик лицейи ўқувчиси Шаҳноза Қўзибоева. - Шу боис, ушбу соҳага болалигимдан қизиқишим катта. Мақсадимга эришиш йўлида ИИВ Самарқанд академик лицейида таълим оляпман. Бугунги учрашув давомида собиқ вазирлар, ўринбосарлар, умуман, тизимда самарали фаолият юритиб, юксак натижаларга эришган фахрийларнинг соҳа ҳақидаги фикрларини эшитиб, бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларни тинглаб қизиқиш янада ортди.

Учрашув якунида Б.Матлюбов ва бошқарма бошлиғи, полковник Ш.Раҳмонов 7 нафар фахрийга “ИИВнинг 30 йиллиги” кўкрак нишонини топширишди. Шунингдек, бир гуруҳ фахрийлар ва ёш ходимларга китоблар жамланмаси совға қилинди.