Самарқанд давлат университетида халқаро электрон журнал ташкил этилди

Мамлакатимизнинг тараққиёти ва энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши, аввало, илм-фаннинг ривожланишига боғлиқ. Шу боис илм-фан тараққиётини жадаллаштириш, олиб борилаётган тадқиқотлар мавзу кўлами ва савиясини жаҳон андазаларига тенглаштириш бугунги кунда долзарб масалалардан бўлиб турибди. Буларнинг барчаси юртимизда таълим соҳасини ислоҳ этиш, илмий-педагогик ва илмий текшириш муассасаларида олиб борилаётган илмий ва инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалиётга жорий этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга боғлиқ.

Самарқанд давлат университетида “Тил, таълим, таржима” халқаро электрон журнали ташкил қилинди. Унда 2020 йилдан бошлаб филология ихтисосликлари бўйича диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган ОАК илмий нашрлар рўйхатига киритилди.

- “Тил, таълим, таржима” халқаро электрон журнали Америка Қўшма Штатларининг Crossref.org тизимига киритилади ҳамда ҳар бир мақолага doi рақам берилади. Бу эса мамлакатимиз олимларининг ўз илмий тадқиқотлари натижаларини дунё илмий жамоатчилигига танитишларига яқиндан ёрдам беради, - дейди журнал бош муҳаррири университет профессори Ибодулла Мирзаев. - Журналда тил, таълим ва таржима масалаларига бағишланган мақолалар ўзбек, рус ва инглиз тилларида қабул қилинади.

Ҳозиргача журналнинг иккита сони ўқувчилар қўлига етиб борди. Айни пайтда халқаро журналнинг навбатдаги сонига мақолалар қабул қилинмоқда.

Толиб ЖЎРАЕВ,

СамДУ доценти.