Самарқанд маҳсулотларининг асосий харидорлари қайси давлатлар?

Ҳозирда Самарқанд вилоятида 3 миллион 800 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Вилоятда 6 249 та саноат корхонаси, 166 та қўшма корхона, 1 119 та хусусий фирма фаолият кўрсатмоқда. Мазкур корхоналар томонидан бир йилда 15 950 303,2 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятдан дунёнинг 60 га яқин давлатига “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан 151,5 миллион долларлик товар ва хизматлар экспорт қилинди. Экспортнинг асосий қисми Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония, Словения ва Германия давлатлари ҳиссасига тўғри келди.

Шунингдек, ярим йилда вилоятга 70 дан ортиқ давлатдан 525,7 миллион долларлик товар ва хизматлар импорт қилинди.

Самарқанд бутун дунёни қадимийлиги ва тарихий қадамжолари билан ҳам мафтун этади. Шу боис вилоятдаги 616 та туристик объект ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун ўтган йили 3 миллион 120 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди.

Самарқанд вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси ахборот хизмати.