Эркинжон Турдимов: Самарқанд нуфузли анжуманлар оғушида
Дунё аҳли нигоҳи яна Самарқандга қаратилган. Ер юзининг сайқали бўлган замин йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қилмоқда.
Самарқанд эшкак эшиш каналида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати, “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси бошланди. Келгуси ҳафтада “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Мазкур тадбирлар Мустақиллик байрами тантаналарига уланиб кетади ва унинг ортидан 7-8 сентябрь кунлари триатлон бўйича “Challenge Samarkand” халқаро мусобақаси ташкил этилади.
Ҳар бири сайёрамизнинг турли қитъаларидан келадиган меҳмонлар иштирокида ўтадиган мазкур тадбирларга нафақат шаҳарда, балки бутун вилоят бўйлаб тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан суҳбатлашдик.
– Аслида, Самарқандга кунда бўлмаса ҳам кунора нуфузли делегациялар ташрифи кузатилади, турли даражадаги халқаро тадбирлар ўтказилади, – дейди Эркинжон Турдимов. – Азалдан шундай бўлиб келган ва Самарқанднинг баракаси ҳам шунда, деб ўйлайман. Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, Ғарб ва Шарқни боғлайдиган Самарқанд нафақат савдо-сотиқ ва иқтисодий муносабатлар, балки маърифат маркази бўлгани учун ҳам ҳамма бу ерга талпинган ва балки, шунинг ортидан ер юзининг сайқали, дея эътироф этилган.
Президентимизнинг алоҳида эътиборлари, Самарқандни Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли бу мақом янада ошди. Халқаро дипломатияда “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди ва бу давлатлар, халқлар ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик, аҳилликни ифода этмоқда. Айниқса, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, БМТ нуфузли тузилмаларининг Самарқанд саммитларидан кейин бу заминнинг дунё сиёсий майдонидаги тарихий шуҳрати тикланди. Шу туфайли ҳам Самарқандда бир қатор давлатларнинг консулликлари, ваколатхоналари очилди, яна бир нечта шундай идораларни ташкил этиш бўйича ишлар бошланган.
Бу жиҳатлар вилоятнинг халқаро нуфузи, обрў-эътиборига дахлдор бўлса, иккинчи томондан иқтисодий самарасига эътибор қаратайлик. Самарқандда ўтаётган ҳар бир халқаро тадбир – у сиёсий-иқтисодий, илмий-маданий анжуман ёки спорт мусобақаси бўладими, нуфузли делегациялар ташрифими, аввало, туризм ривожига хизмат қилади. Мазкур тадбирлар ортидан юзлаб, минглаб сайёҳлар Самарқандга келиши мумкин, ҳатто сармоя киритиб, шу ерда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ишбилармонлар чиқади. Бу амалда ўз исботини топмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд халқаро туризм марказининг ташкил этилиши ҳам бу мақсадга хизмат қилмоқда. Бугун кўп тармоқли ушбу сайёҳлик марказини оласизми ёки шаҳардаги, вилоятнинг бошқа туристик масканларидаги меҳмонхоналар, сайёҳлик фирмаларини кўринг, уларда, албатта, хорижлик ҳамкорлар иштирокига гувоҳ бўласиз. Яхши биласиз, ҳар қандай чет эллик тадбиркор бизнесининг эртасига ишонч бўлса, тиккан бир доллари юз доллар бўлиб қайтишига ишонса, ўша юртга инвестиция киритишга ҳаракат қилади.
– Гап сайёҳлик ҳақида кетар экан, айтинг-чи, ана шу ўзгариш ва имкониятлар Самарқанд иқтисодиётида сайёҳликнинг улушини оширдими?
– Бўлмасам-чи! Биргина жорий йилнинг дастлабки олти ойида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида хизматлар соҳасининг улуши 48 фоизни ташкил этди. Бунда туризмнинг улуши бошқа тармоқларга нисбатан ошиб бораётгани кузатилмоқда. Бунга қандай эришилаётгани ҳам аниқ. Жорий йилнинг олти ойи давомида вилоятга 1 миллион 253 минг хорижий, 1 миллион 742 минг маҳаллий сайёҳлар келган. Ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганимизда бу 1,4 баробарга кўп демакдир. Агар буни олти-етти йил олдинга давр билан таққосласак, ўсиш қанчалик юқори эканлиги кўринади. Йил бошидан буён туризм хизматлари экспорти 301,3 миллион долларни ташкил этиб, туристларнинг Самарқандда қолиши қарийб икки баробарга узайди. Сайёҳлар вилоятимизда кўп вақт қолиши қўшимча даромад, янги иш ўрни, дегани. Шунинг учун йилнинг биринчи ярмида 910 ўринли 6 та меҳмонхона, 11 та хостел, 40 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилди. 45 та туристик компания фаолият бошлаб, уларнинг умумий сони 347 тага етди. Сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш учун айни пайтда вилоятимизда туристик синфга мансуб 121 та автобус, 115 та микроавтобус мавжуд. Давлатимиз раҳбарининг 18 июль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини яна оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан хориждан импорт қилинадиган автобус ва микроавтобуслар 2015 йил 1 августга қадар божхона божидан озод қилиниши бундай транспорт воситалари сони янада ошишига хизмат қилиши табиий.
Бундан ташқари, йил бошидан буён вилоятимизда 255 миллиард 850 миллион сўмлик 14 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Жумладан, 132 миллиард сўмлик 6 та меҳмонхона, 55 миллиард сўмлик битта санаторий-соғломлаштириш маркази, 13 миллиард сўмлик 3 та экотуризм дам олиш маскани, шунингдек, транспорт хизмати, логистика, автокемпинг ва бошқа хизматлар лойиҳалари ишга туширилди. Президентмизнинг шу йилнинг 6 февралдаги қарорига кўра, Самарқанд туманида умумий майдони 4656 гектар бўлган “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилмоқда. Замонавий мазкур дам олиш маскани ҳам вилоятимизда сайёҳлик соҳаси ривожига хизмат қилади.
Йилнинг иккинчи ярмида вилоятга келадиган хорижлик сайёҳлар сонини 2,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 500 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шу мақсадда 40 дан ортиқ халқаро ва маҳаллий туризм фестиваллари ўтказилади.
– “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳам ана шундай тадбирларнинг асосийларидан бўлса керак...
– Албатта. “Шарқ тароналари” бугун Самарқанд номи билан уйғун тушунчага, дунёдаги нуфузли санъат анжуманларидан бирига айланди. Сайёрамизнинг турли давлатларида маданият фестиваллари, танловлар ўтказилади. Уларнинг аксарияти маълум вақт давомида ўтказилиб, кейин унутилиб кетиши ёки формати ўзгариши мумкин. Аммо “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ташкил этилганига 27 йил ўтган бўлса-да аҳамияти ва нуфузи ошса ошяптики, асло камайган эмас. 1997 йилдан буён ҳар икки йилда анъанавий равишда август ойининг сўнгги беш кунлигида Регистон дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланади. Фестиваль ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО сингари нуфузли халқаро ташкилотларнинг йиллик тадбирлари дастуридан ўрин олгани, улар томонидан фаол қўллаб-қувватланаётгани ҳам унинг даражаси қанчалик юқорилигидан далолат беради. Шунинг учун орада маълум муддат фестивални ўтказиш имконияти бўлмаганда нафақат юртдошларимиз, ҳатто, хорижлик маданият ва санъат намояндалари, санъат шинавандалари фестиваль тақдири билан қизиқди, “Шарқ тароналари”ни ўтказиш таклифлари билдирилди. Ана шу таклифлар ҳамда фестивалнинг халқаро аҳамияти ҳисобга олинган ҳолда ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан бу йил “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга қарор қилинди. 26-30 август кунлари бетакрор Регистон майдонида яна дунё халқлари куй-қўшиқлари янграйди, санъат орқали тинчлик, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, аҳиллик тарғиб этилади.
– Қайд этганингиздек, орадаги беш йиллик танаффус давомида энди “Шарқ тароналари” ўтказилмас экан, бошқа ҳудудларда ташкил этилар экан, деган гап-сўзлар тарқалди. Бу йил ўн учинчи фестиваль ўтказилиши ҳақидаги хабарлар тарқалганда ҳам айримлар тадбир аввалгидек шуҳратга эришармикан, деб иккиланди. Аммо кейинги маълумотлардан аён бўляптики, “Шарқ тароналари”да қатнашиш истагини билдирган давлатлар ва халқаро ташкилотлар сони ҳам олдингилардан кам эмас.
– Юқорида айтганимдек, бу аввало, фестиваль олдига қўйган мақсадларнинг улуғлиги ва эзгу ғоялари билан боғлиқ. Бир жиҳатга эътибор беринг, дунёдаги барча давлатлар, халқлар ҳам, буни очиқ айтмаса-да, бир-бирига дўст, хайрихоҳ эмас. Айниқса, ҳозирги шароитда сайёрамизнинг турли нуқталарида давлатлар, минтақалараро низолар, келишмовчилар авж олаётган, икки томонлама бундай келишмовчиликларга бошқа мамлакатларни ҳам тортишга уриниш кучайиб бораётган бир пайтда ер юзидаги барча қитъалардаги давлатларидан келган санъат аҳлининг бир майдонда, бир саҳнада ўз маданияти, санъатини намойиш этиши, тарғиб қилиши учун имконият яратиш барча фестиваль ва тадбирларга хос эмас. “Шарқ тароналари” эса тинчлик, дўстлик, бағрикенгликни тарғиб этиши баробарида дунёда аҳамияти ошиб бораётган маданият, санъат форумидир. Бу Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати, халқимизнинг бағрикенглигини ифода этади.
Шу ўринда бир тарихий фактни эслатмоқчиман. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур саройида ўтказиладиган мусиқий анжуманлар ҳақида тўхталиб, “Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку мўғул, хитою араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди”, деб ёзган.
Демоқчиманки, “Шарқ тароналари”нинг дунёвий шуҳрат топиши ва эътироф этилиши бежиз эмас. Юртимизда маданият, санъат ривожи бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалади ва бугунги мусиқа анжуманлари, фестиваль ва тадбирлар ана шу азалий томирлардан озиқланади, куч олади. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган халқаро мақом санъати анжумани, бахшичилик санъати фестивали, фольклор фестивали каби маданий тадбирлар ҳам қисқа вақтда кенг оммалашди, халқаро майдонда эътироф этилмоқда.
– Бу йилги фестивалга, қолаверса, шу кунларда Самарқандда ўтказилаётган бошқа халқаро тадбирларга қандай тайёргарлик кўрилди?
– Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ҳамда фестивални ўтказиш бўйича қарорда тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг вазифалари, амалга оширишимиз керак бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилган. Вазирлар Маҳкамаси томонидан фаолияти йўлга қўйилган штабда бу вазифалар ижроси мониторинг қилиб борилмоқда. Фестиваль ташкилий қўмитаси, Маданият вазирлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда кунлик вазифалар ижроси таъминланиб, таҳлил қилиб борилмоқда. Ҳозиргача 70 дан ортиқ давлатдан 300 нафардан кўпроқ иштирокчи фестивалда қатнашишини билдирган. Уларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш, тадбирларда иштирок этишини таъминлаш каби масалалар бўйича алоҳида гуруҳлар ишлаяпти. Ҳар бир жамоа учун масъуллар белгиланган. Шунингдек, бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари, олий мартабали меҳмонлар келиши кутилмоқда.
Фестивалнинг асосий саҳнаси – Регистон майдонида амфитеатр ташкил этилди. Юртимизнинг таниқли маданият ва санъат намояндалари, режиссёрлардан иборат ижодий гуруҳ томонидан фестиваль очилиш маросимига тайёргарлик кўрилмоқда. Репитиция жараёнларида қатнашаётган 300 дан ортиқ иштирокчи учун зарур шароит яратиб берилган.
Регистон майдони ва унинг атрофида, шунингдек, бутун шаҳар бўйлаб 600 минг тупдан ортиқ гул, 100 минг туп бута кўчатлари экилди. 1500 та тунги ёритиш чироқлари ва прожектор, 1250 метр безакли чироқлар ўрнатилди. Шаҳар ва унинг атрофидаги 28 километр йўллар фестиваль руҳига мос тарзда безатилмоқда. Тадбирларга тайёргарлик жараёнида 5,5 километр йўл асфальт қилинди, 12 километр пиёдалар йўлаклари тартибга келтирилди.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Сиёбча канали икки қирғоғи бўйлаб 36 километр пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилди. Меҳмонлар ушбу ҳудудларда ҳам сайр қилиб, ҳунармандлар кўргазмаси, маданий дастурлардан баҳраманд бўлишлари мумкин. Фестиваль иштирокчилари танлов дастуридан ташқари вақтда Самарқанд шаҳри ва яқин туманлардаги тўққиз жойда, истироҳат боғлари, амфитеатрларда концерт дастурларини намойиш этади.
Халқаро илмий конференция ва бошқа бир қатор тадбирлар Самарқанд халқаро туристик маркази ва “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилиши муносабати билан мазкур масканда ҳам тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар учун вилоятимиздаги тарихий-маданий ёдгорликлар, замонавий бино ва иншоотлар, бозорлар ва янги туристик масканларга саёҳатлар уюштирилади. Миллий чолғу асбоблари, ҳунармандлик буюмлари, миллий либослар кўргазмалари ташкил этилади.
Кеча бошланган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати юртимизда илк бор ўтказилаётгани билан тарихий аҳамият касб этади. Мазкур чемпионатга ҳам Спорт вазирлиги ва тегишли спорт федерациялари билан ҳамкорликда пухта тайёргарлик кўрилди. Ҳозирда Самарқанд эшкак эшиш каналида дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан келган 500 нафардан кўпроқ спортчилар ғолиблик учун беллашмоқда. Бу спортчилар ва чемпионатнинг бошқа меҳмонларига ҳам мусобақаларда қатнашишлари, бўш вақтларида Самарқанднинг бетакрор тарихий обидалари ва замонавий иншоотларига саёҳат қилишлари учун зарур шароитлар яратилди.
Самарқанд халқаро туризм марказида давом этаётган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгрессда эса ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ сингари халқаро ташкилотлар, дунёнинг 35 давлатидан келган 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар мамлакатимизда аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасидаги ишлар билан танишиб, бу борада ҳамкорлик бўйича фикр алмашмоқда. Мазкур халқаро форум тадбирлари 26 август куни бошланадиган “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалига уланиб кетади ва унинг қатнашчилари нуфузли санъат байрами тадбирларида иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.
Умуман, бугун бутун вилоятимиз аҳли Самарқандга келаётган ҳар бир хорижлик меҳмон ва юртдошларимиз бу гўзал ва бетакрор заминда вақтларини сермазмун ўтказишлари, яхши таассуротларга эга бўлишлари ва яна Самарқандга келиш орзуси билан қайтишлари учун тайёргарлик кўрганмиз, бунинг учун барча имкониятларни яратганмиз.
Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.